Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Чақалоқлар баъзан ўз исми билан дунёга келади. Наврўзда туғилган кўплаб чақалоқлар тақдири ҳам шундай (чақалоқ қай фаслда дунёга келишидан қатъи назар, унга яхши ниятлар билан Наврўз шарафига исм беришни ният қилганлар ҳам бор, албатта).

Давлат хизматлари агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 47 нафар ўғил болага Наврўз, 115 нафар қизалоққа Наврўза деб исм қўйилган. 2021 йил бошидан 18 мартгача эса 21 нафар Наврўз ва 10 нафар Наврўза дунёга келган.

Байрам муносабати билан «Дарё» нашри Наврўз ва Наврўзалар билан боғланиб, уларга ким исм қўйгани, бу исми унинг ҳаётига қанчалик таъсир қилгани, исмини ўзгартириш нияти бўлганми, йўқми ва исми сабаб юз берган қизиқарли ҳолатлар ҳақида сўради.

Наврўза Бийназова. Журналист, сценарийнавис, режиссёр.

Фото: Наврўза Бийназованинг шахсий архивидан

Фото: Наврўза Бийназованинг шахсий архивидан

Мен ёзда туғилганман ва туғилган кунимнинг Наврўз байрамига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Исмимни бувим, «Гул ва Наврўз» достони қаҳрамони шарафига қўйганлар. Ўшанда бувижоним асарни ўқиб, гарчи асарда бу йигитнинг исми бўлса-да, Наврўз исмини ёқтириб қолган эканлар.

Исмим форсчадан «янги кун» деб таржима қилинади ва табиатан мен янгиланишни жуда яхши кўраман, ҳар бир янги кунга умид ва ишонч билан қарайман. Мен жуда оптимист одамман. Эҳтимол, бу ҳам исмимнинг таъсиридир.

Исмим ўзимга жуда ёқади, бу жуда кам, эсда қоладиган, чиройли маънога эга исм. Бу бу гўзал исм учун бувимдан миннатдорман. Мени Наврўз байрами кунларида туғилган деб ўйлашларининг ўзи қизиқ ҳолат.

Наврўз яхшиликка, эзгуликка ундайдиган, ижод туйғусини уйғотадиган ва келажакка умид, ишонч ва куч берадиган байрам. Ҳаммани ушбу ажойиб байрам билан табриклайман. Олдимизга янги, яхши мақсадлар қўйишни ва уларга эришишни тилайман. Сиҳат-саломат ва бахтли бўлинг.

Наврўза Яҳёева. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 3-курс докторантураси мустақил изланувчиси, халқаро журналистика факультети ўқитувчиси. 1991 йил 21 март куни Сирдарё вилоятида туғилган.

Фото: Instagram / @navruza_miryaxyayeva

Фото: Instagram / @navruza_miryaxyayeva

Исмимни катта бобом «Наврўзда дунёга келгани учун ўз исми билан туғилди», деб қўйганлар. Исмимни ўзгартирмаган бўлардим. Инсонга берилган тақдир бир деб ўйлайман. Шунинг учун исмим шундай қолишини хоҳлайман.

Исмнинг инсон ҳаётида таъсири бор деб ўйлайман. Ҳаётий тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, оғир йўқотишлар бўлган, лекин шу депрессия вақтларида янги ҳаёт, янги кун деб фақат олдинга интилган кунларим бўлган.

Тез-тез хорижда бўлиб тураман. Кўп ҳолларда исмимни талаффуз қилишда қийналишади. Қайси давлатда бўлсам, ўша ернинг тилида «Янги йил» деб чақиришади. Масалан, французлар Bonani, инглизлар New Year. Туғилган куним санасини сўрашаётганда, исмимга эътибор берилмайдиган ҳолатлар кўп бўлади. Мен жавобан «исмимдан топинглар», дейман.

Барчага энг эзгу тилакларни йўллайман. Юртимизда Наврўз ва Наврўзалар кўпаяверсин!

Наврўз Туробов. Самарқанд давлат тиббиёт институти даволаш факультети талабаси. 2002 йилнинг 21 мартида Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган.

Фото: Наврўз Туробовнинг шахсий архивидан

Фото: Наврўз Туробовнинг шахсий архивидан

Исмимни ҳожи онам — дадамнинг оналари қўйганлар.

Албатта, исм инсон ҳаётига катта таъсир қилади. Менинг исмим баҳор, янгиланиш ва гўзаллик айёми Наврўз байрамини эслатади. Мен деярли ҳар доим кўтаринки кайфиятда юраман, ҳаётда бирор муаммоли вазият юзага келса ҳам, тушкунликка тушмайман, уни ҳал қилиш чорасини излайман. Балки, байрамона исмим туфайли менда бу хислат шакллангандир. Яна ким билсин.

Агар менга яна бир марта исм берилиши мумкин бўлганида ва уни мен танлашим керак бўлса, мен барибир Наврўз исмини танлар эдим. Бу исм учун ҳожи онамдан, ота-онамдан миннатдорман. Биринчидан, исмим кўп учрамайди. Иккинчидан, уни қисқартириб, ярмини айтиб бўлмайди — қисқа ва лўнда. Учинчидан, исмимда баҳор ва янгиланиш каби рамзий маънолар бор. Шунинг учун исмим менга жуда мос танланган деб ўйлайман.

Келгуси Наврўзда коронавирусни тўла енгганимизни ҳам қўшиб нишонлайлик!

Наврўза Ғаниева. Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи бош офиси мижозлар билан ишлаш бўлими ходими. 1994 йилнинг 7 мартида Тошкент шаҳрида туғилган.

Фото: Наврўза Ғаниеванинг шахсий архивидан

Фото: Наврўза Ғаниеванинг шахсий архивидан

Исмимни бувим қўйганлар. Кўп ҳолларда билишса ҳам, исмимнинг маъносини ва нега айнан бу исм қўйилганини сўрашади ва кўпчилик мени 21 мартда туғилган деб ўйлашини айтади. Ҳатто 21 мартда туғилган кун табриклари ҳам бўлиб туради.

Исмимнинг ҳаётим, турмушимга таъсирига тўхталадиган бўлсам, гулларни жуда ҳам яхши кўраман, табиатда сайр қилсам руҳим енгиллашади, сув бўйида ўтириб хаёл суришни ёқтираман. Қувноқман, доимо очиқ чеҳрада юришга ҳаракат қиламан.

Авваллари исмим ўзимга ёқмас эди, лекин исмимни ўзгартиришни ҳеч қачон ўйламаганман. Энди ўйлаб қарасам, ҳозир қулоққа чалинадиган айрим исмлардан (айтсам хафа бўлиб қолишлари мумкин) минг чандон афзал экан. Мана ҳозир «Дарё» нашри айнан исмим сабаб менга саволлар йўллаган экан, исмим янада гўзалроқ туюлди ва аслида ҳам гўзал бўлганини билдим.

Яхшиликлар байрами билан барча юртдошларимни, Ер юзидаги барча Наврўзни биладиган ва нишонлайдиган инсонларни табриклайман!

Наврўз Аширматов. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби. 1986 йилнинг 23 мартида Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган.

Фото: АОКА

Фото: АОКА

Менга исмимни онам берганлар. Исмимнинг ҳаётимга қанчалик таъсир қилишига аҳамият бермаганман. Исмимни ўзгартириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Исмим билан боғлиқ қизиқ ҳолатлар бўлмаган. Наврўз муборак!

Наврўза Сиддиқова. Уй бекаси. Фарғона вилоятининг Риштон туманидан. 1989 йил 18 март куни туғилган.

Фото: Наврўза Сиддиқованинг шахсий архивидан

Фото: Наврўза Сиддиқованинг шахсий архивидан

Исмимни дадам қўйганлар. Албатта, исмнинг ҳаётга таъсири бор. Баҳорда туғилганим, исмимнинг Наврўзалиги кўпроқ кайфиятимга таъсир қилади. Бирортаси билан тортишиб қолсам ё кимдандир ранжисам, тез унутаман. Баҳорга хос феъл-табиатим ҳам йўқ эмас. Мени йиғлатиш ҳам, кулдириш ҳам осон. Балки, исмим ҳам сабабчидир...

Йўқ, имконият бўлганида ҳам исмимни ўзгартирмасдим — исмим ўзимга ёқади. Тақдир буюргани шу экан. Ундан қочиб, пешонамдагини рад этиб, қаерга ҳам борардим?!

Исмим туфайли эмас-у, туғилгани куним билан боғлиқ қизиқ ҳолат бўлган. Мен, турмуш ўртоғим ва ўғлим бир кунда — 18 март куни туғилганмиз. Бир кунда учовимизнинг туғилган кунимизни бирйўла нишонлаб, бирдан уч марталаб меҳмон кутишдан қутуламиз.

Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, Наврўз татигулик хотиржамлик берсин!

Наврўз Ризаев. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, журналист, сиёсий шарҳловчи. 1969 йил 28 март куни Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Исмимни раҳматли отам, педагог, туманнинг таниқли зиёлиларидан бири Ибодулла Ризаев қўйганлар. У киши Наврўз айёми, унинг тарихи ва Шарқ ҳамда ўзбек халқларининг ҳаётида тутган ўрнига бефарқ қарамаган. Шунданми, раҳматли онажоним Мусаввара Боқиевага шу болани Наврўз кунига мўлжаллаб туғиб берасан, деб қўйган эканлар. «Ёлғон тўлғоқ» бўлганми, негадир бир ҳафта аввал — 20 март куни онамни туғруқхонага олиб бориб қўйган ҳам эканлар. Хуллас, улар мўлжаллаган 21 мартда эмас, 28 мартда туғилганман. Отам, ҳали Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрибди ва мен ўғлимга барибир Наврўз исмини бераман, деганлар.

Исмимнинг ҳаётимга таъсири беқиёс... Баҳор, янгиланиш фасли, Наврўз покланиш айёми. Бу тушунчалар менинг ҳаётимнинг бош мезонига айланган. Абу Райҳон Беруний айтган тенглик ва унга риоя қилиш — бош шиорим. Мен одамларга фақат яхшилик улашсам, дейман. Гина-кудратни ёмон кўраман. Наврўз адолат тантанаси ҳамдир. Исмимнинг маъноси — янги кун. Шу маънода эскиликни хуш кўрмайман. Саховатли бўлишга интиламан.

Агар исмимни ўзгартишни сўрашсами? Бундай ҳаракатлар ҳали ўқувчилик даврим, 1983 йилларда собиқ комсомол ташкилотида бир кўтарилган. Фаол «комсомолчи», ўша пайтда «дин афюндир», дея жар солиб атеизмни тарғиб қилган ва айёмни ҳам дин билан боғлаган гуруҳлар «Наврўз байрамини нишонлаш қораланди, энди бунинг ҳам исмини ўзгартириш керак», деган «доно таклиф» билан йиғилиш ўтказдилар. Ўзгартира олишмади. Уни ҳозир ҳам ўзгартириш ниятим йўқ.

Наврўз бутун Шарқ халқларига маълум ва машҳур исм. Собиқ Иттифоқ даврида Туркманистоннинг махфийроқ ҳарбий қисмида алоҳида разведкачи десантлар бўлимида тайёргарликдан ўтиб, Афғонистоннинг Покистон билан чегара ҳудуди, Кунар томонларда хизмат қилдим. Бир куни икки киши тоғлар орасидан афғон қишлоғига кирдик. Дўконда бир одам билан кўришишимиз керак эди. Шунда маҳаллий жангарисифат тўданинг исканжасида қолдим. Исмимни билишгач, «Э-ҳо, номаш Наврўзми?», дея юмшашди. Кейин мусулмонлигимга амин бўлиб, калима қайтаришни буюришди... Исмим мени жаҳаннамдан қутқарганни ҳеч эсимдан чиқмайди.

Наврўзи олам муборак бўлсин!

Мустаҳкам Тангриёрова тайёрлади

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Самарқандда ўқувчининг онаси «замдиректор»ни калтаклади
Маҳаллий
Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонлар учун шароит қандай? — «Дарё»да кичик сўровнома
Спорт
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси футболчиларига Cobalt автомобиллари топширилди