Мьянмада давлат тўнтаришини ўтказган ҳарбийлар мамлакатнинг АҚШ банкидаги ҳисобидан бир миллиард доллар миқдорида пул олишга уринди. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
Маълумотларга кўра, улар пулни Нью-Йорк Федерал захира банкидан Мьянма Марказий банкига ўтказишга уринган. Лекин АҚШ бу операцияни тўхтатган.
Таъкидланишича, Мьянма ҳарбийлари Марказий банкка янги раис тайинлаганидан кейин, ушбу транзакцияни амалга оширишга уринган.
Агентлик маълумотларига кўра, айнан шу ҳолат АҚШ президенти Жо Байденнинг Мьянмадаги тўнтаришга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар киритиши ва АҚШдаги давлат ҳисоб рақамларини музлатиб қўйишига сабаб бўлди.
Мьянмада бир ойдан бери ҳарбий тўнтаришга қарши норозилик ҳаракати тинмаяпти. БМТ маълумотларига кўра, шу пайтгача норозилик ҳаракатининг 50 дан ортиқ иштирокчиси вафот этди.
Маълумот учун, 1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Аввалроқ Facebook Мьянма ҳарбийларига ўз платформаларидан фойдаланишни тақиқлади.
Изоҳ (0)