«Барселона» ҳимоячиси Херард Пике Испания Кубоги ½ финал жавоб баҳси доирасида кечган «Севилья»га қарши баҳсда (3:0) жароҳат олди.
Каталон клуби матбуот хизматининг маълум қилишича, футболчи ўнг тиззаси боғламларини шикастлаб олган. АS хабарига кўра, Пике бу жароҳат туфайли уч ҳафта майдонга туша олмайди.
Шу тариқа ҳимоячи Чемпионлар Лигаси 1/8 финал жавоб баҳси доирасидаги ПСЖга қарши кечадиган 10 март кунги учрашувни ўтказиб юборадиган бўлди. Шунингдек, Пике катта эҳтимол билан Ла Лигадаги «Осасуна», «Уэска» ва «Реал Сосьедад»га қарши ўйинларда ҳам иштирок этолмайди.
Айни дамда «кўк-анорранглилар» таркибида уч нафар марказий ҳимоячи қолмоқда. Булар — Клеман Лангле, Самюуэль Умтити ва Оскар Мингеса.
«Севилья»га қарши баҳсда 90+4-дақиқада жамоасининг иккинчи голини уриб, қўшимча бўлимлар белгиланишига сабаб бўлган футболчи ўйин вақтида тиззасида муаммо сезганди. Бироқ шифокорлар кўригидан кейин Пике учрашувни давом эттирган, оқибатда баҳсдан кейин оқсоқланиб қолганди.
Аввалроқ 34 ёшли футболчи жароҳат сабаб деярли уч ой ўйнамаганди.
Эслатиб ўтамиз, Роналд Араухо, Миралем Пьянич, Серхи Роберто, Ансу Фати ва Филиппе Коутиньо каби футболчилар жароҳат сабаб «Барселона» лазаретида бўлиб турибди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)