Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир беш ёшли бола ҳамда унинг онаси, бувиси, бобосини ўлдиришда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Meduza «Комсомольская правда»га таянган ҳолда қотилликда гумон қилинаётган меҳнат муҳожири 26 ёшли Шарофиддин Амиров эканлигини маълум қилди.

Фото: Россия тергов қўмитаси матбуот хизмати

«NN.ru» маълумотларига кўра, унда Россияда ишлаши учун муддати июль ойида тугайдиган рухсатномаси бўлган. Муҳожир қотиллик содир этган оилада уй қуришда, гуллар ўстиришда ёрдам бериб келган ва бошқа хўжалик ишлари билан шуғулланган. Оила аъзоларининг танишларининг айтишича, уйда яна бир нечта ишчи ишлаган.

Маҳаллий аҳолининг «NN.ru»га маълум қилишича, уй у ерда 5 йилдан буён яшаб келаётган Малаховлар оиласига тегишли бўлган. Оила бошлиғи йирик қишлоқ хўжалиги заводининг директори бўлган. Унинг турмуш ўртоғи Елена билан икки нафар фарзанди — тўнғич қизи ва олти ёшли ўғли бўлган. Улар билан бирга Еленанинг ота-онаси ҳам яшаган. Отаси —Анатолий Королев Горкий темир йўлининг Нижний Новгород алоқа дирекциясининг бошлиғи бўлиб ишлаган.

«Комсомольская правда»нинг ёзишича, қўшнилар оилани «туппа-тузук, дўстона одамлар» дея таърифлаган. Шу билан бирга, улар ўзига тўқ оилалардан бўлган: катта коттежда яшашган, бир нечта машиналари бўлган.

«NN.ru»нинг маълум қилишича, қотилликдан аввал Королев ва ишчи ўртасида келишмовчилик юз берган. Life’нинг қайд этишича, ишчи оила билан мунтазам равишда жанжаллашган ва «асаблари дош беролмаган».

«NN.ru»нинг аниқлик киритишича, Жиноятчи Королевга пичоқ урган, унинг рафиқасини бўғиб ўлдирган, сўнг Елена Малаховани зўрлаб, ўлдирган, шундан кейин олти ёшли болани бўғиб ўлдирган. Бу вақтда спорт тўгарагида бўлган Малаховнинг тўнғич қизи уйдагиларига қўнғироқ қилиб туша олмагач, отасига телефон қилган (Mash Telegram-канали маълумотларига кўра, бу вақтда отаси хизмат сафарида бўлган). Малахов қўшнисидан уйини текширишни илтимос қилганидан сўнг айнан шу қўшни мурдаларга гувоҳ бўлган.

Жиноятда гумон қилинаётган шахснинг қочишида унинг таниши ёрдам берган. База Telegram-канали маълумотларига кўра, жиноят иши бўйича Kia автомобилида ҳаракатланган икки киши қидирувга берилган, уларнинг ёнида совуқ қурол бўлган.

1 март куни гумонланувчи қўшни Владимир вилоятида қўлга олинган ва сўроқ қилиш учун Нижний Новгородга олиб келинган. У билан бирга жиноятга шерикликда гумон қилинган шахс ҳам қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 105-модда (икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлдирилиши) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.