Ўзбекистонда 2021 йил якунигача оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган минг нафар аёл ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланади. Бунинг учун ҳудудларга мингта квартира сотиб олиш учун маблағ ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда сўз юритилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Лекин, бу ҳаммаси эмас. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жойлардаги аҳволдан келиб чиқиб, ижтимоий ижарани кенгайтириш бўйича қўшимча чораларни кўриши керак.

Мисол учун, ҳозирги кунда хусусий сектор томонидан эҳтиёжманд оилаларга берилаётган уйларнинг ижара ҳақининг 50 фоизига субсидия беришни йўлга қўйиш мумкин. Биргина ‘Olx.uz’ электрон порталида ойлик ҳақи 1 миллион сўмгача бўлган 500 та уйни ижара бериш тўғрисида эълонлар жойлаштирилган. Одамлар бунинг ичига кириб, муҳокама қиляпти ва яхши қабул қилишди. Ёки фойдаланилмаётган ётоқхоналар ҳокимиятлар томонидан таъмирланиб, ижтимоий ижарага берса ҳам бўлади.

Молия вазири икки ҳафта муддатда уй-жойни сотиб олиш ва ижтимоий ижарага бериш тартибини тасдиқлаши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари вилоят ҳокимлари бир ой муддатда энг муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни кўчириш чораларини кўришини таъкидлади.