Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ҳар бир вилоят ҳокими уй-жой масаласида шахсан ўзи ичига кириб, аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши кераклигини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Энг катта масала — бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас ва ҳокимлар бунинг ичига кирмагани ҳам рост. Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриши керак.
Бунда ҳар бир туман, шаҳар ва вилоят ҳокими ўз ҳудудидаги қурилиш ичига кириб, қайси қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиш мумкин, цемент ва металл нархини қандай пасайтирса бўлади, деган саволларнинг жавобини топиши керак.
Ҳозирги қурилиш таннархида темирбетон ишлари — 32 фоиз, бўёқ ва безатиш — 28 фоиз, ободонлаштириш — 8 фоиз, электромонтаж ишлари 5 фоизни ташкил этади. Мисол учун, ‘бетонний узел’ қўйиб, қурилиш учун бетонни арзон ва сифатли таъминлаш, базальт изоляцияси, газобетон блокларини жойларда ишлаб чиқариш орқали таннархни камайтириш бўйича қайси ҳоким бош қотиряпти?
Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими икки ҳафта муддатда ўз ҳудудида қурувчилар, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар, банкларни йиғиб, аниқ калькуляцияларни ишлаб чиқиши керак. ‘Ўзстандарт’ агентлиги бир ой муддатда жойларга чиқиб, ҳар бир ҳудудда газобетон ишлаб чиқарувчиларни стандартларга ўргатиб, маҳсулотларини сертификатлаш дастурини амалга оширади», — деди давлат раҳбари.
Президент вилоят ҳокимлари бир ой муддатда уй-жойларни қуриш учун ер участкаларини инфратузилмага туташ ҳудудлардан ажратиш бўйича топшириқ берди.
Бундан аввал Президент 2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш кераклигини айтган эди.