Тошкентда 4 минг доллар эвазига Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, Н.Қ. фуқаро Д.га қалбаки хизмат гувоҳнома кўрсатиб, Миллий гвардия тизимига танишлари орқали ишга киритиб қўйишга ишонтириб, эвазига 4 минг доллар сўраган. Талаб қилинган пулни фирибгарлик йўли билан олган вақтида департамент ва Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан фуқаро Н.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-,211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш учун Гулистонда 1,5 минг доллар, Қаршида 4,5 минг доллар, Самарқандда 27 минг доллар олган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилган эди.