Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2 март куни  ўтказилган «Ҳукумат соати»да Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжи ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

«Ўтган тўрт йил давомида ОТМларга қабул квотаси, талабалар сони 2 баравардан 3 бараваргача ошган бир шароитда, ётоқхоналарнинг ўрин сони эса атиги 25 фоизга ошди. Шунинг учун ҳам жуда кўп талабалар ижарада, қариндошиникида яшашга ва кўплаб муаммоларга дуч келди.

Ҳозирда республикада мавжуд 228 та талабалар турар жойида 58 минг нафар талаба истиқомат қиляпти. 2017 йилда эса 194 та талабалар турар жойида 50,5 минг нафар талаба яшаган. Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакат олий таълим муассасалари тасарруфида бўлган ётоқхоналар бугунги кунда мавжуд эҳтиёжларнинг маълум бир қисминигина қамраб олган», — деди Тошқулов.

Унинг маълум қилишича, 2017 йилдан бошлаб ҳукумат қарорлари билан фаолияти тугатилган касб-ҳунар коллежларининг 35 тасини 6 минг 130 ўринга эга бўлган ётоқхоналари қўшимча қувват сифатида ОТМларга ўтказиб берилган.

«Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда ётоқхоналарда яшашга эҳтиёжи бўлган талабалар сони 149 минг 400 нафарни ташкил этмоқда. Абитуриентларга 5 та таълим йўналишини танлашдек имкониятнинг берилиши талабалар турар жойига бўлган эҳтиёжни ошириб юборди. Ҳаттоки сиртқида ўқийдиган талабаларга ҳам. Бошқа вилоятдаги ОТМнинг сиртқи бўлимига ўқишга кирган талаба ҳам 1 ой бўлса-да, талабалар турар жойига муҳтож бўляпти. Чунки унинг ўша жойда қариндоши йўқ, меҳмонхоналар қиммат... Буни амалиётда ўзимиз кўрдик»,  — деди Тошқулов.