Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 февраль, душанба куни Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишган эди. Тақдимотда жами 515 та лойиҳа ҳақида маълумот берилган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 35,5 триллион сўмни ташкил этади.

Фото: «Gazeta.uz»

Фото: «Gazeta.uz»

«Gazeta.uz»нинг маълум қилишича, ушбу лойиҳалар доирасида учта компания вилоятда автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирган. Булар — ADM Jizzakh, Auto Motors Asia ҳамда Жиззах автомобиль заводи.

ADM Jizzakh

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, 2020 йил январда рўйхатга олинган ADM Jizzakh автозаводининг ягона таъсисчиси Roodell тижорий автомобиль ва енгил транспорт чакана савдоси билан шуғулланади. Ўз навбатида, Roodell улушларига Мирбахром Асроров (33,4 фоиз), Дониёр Давлатёров (33,3 фоиз) ва Мурод-Мирза Шарипов (33,3 фоиз) эгалик қилади.

Тақдимотга кўра, 2020 йилда Roodell компаниясининг ADM Jizzakh заводида енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Сентябрда мазкур майдончада Kia, сўнгра Lada ва Renault автомобиллари тақдимотлари ўтказилган эди.

Лойиҳа қиймати 700 миллиард сўм, ишлаб чиқариш қуввати 100 та автомобилни ташкил этади. Заводда 860 та ишчи ўрни очилиши кутилмоқда. Ишлаб чиқариш учун Корея Эксимбанки кредит маблағларини ажратади.

Roodell бош директори Дониёр Давлатёров «Gazeta.uz»га берган интервьюсида заводда биринчи босқичда 195 та операцияни амалга оширган ҳолда йирик узелли йиғиш услубида автомобиль йиғилишини маълум қилди. Иккинчи босқичда, 2022 йил охиригача, пайвандлаш, кузовларни бўяш ва CKD-йиғиш цехларини ишга тушириш режалаштирилаётганини маълум қилган.

«Иккинчи босқичда биз бутунлай бошқа автомобилни чиқарамиз, ҳозирда у ҳеч қаерда йўқ. У МДҲда намойиш этилмаган. У Ўзбекистон ҳудудида бутун минтақа учун эксклюзив равишда ишлаб чиқариладиган янги Киа маҳсулоти бўлади… Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, у ҳамёнбоп автомобиль бўлиб, экспорт ҳам қилинади», — дея таъкидлади Дониёр Давлатёров.

Auto Motors Asia

КТЯДР маълумотларига кўра, Auto Motors Asia 2020 йил 25 февралда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — моторли транспорт воситаларини ишлаб чиқариш. Ягона таъсисчи ва раҳбар — Элдор Абдурасулов.

Auto Motors Asia компанияси 2021 йилда Жиззахда микроавтобуслар, тижорий автомобиллар ва юк машиналарини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга тайёрланмоқда.

Ишлаб чиқариш қуввати йилига 27 мингта автомобилни ташкил этиб, 174,7 миллиард сўм миқдорида сармоя киритилади. 500 та янги иш ўрни очилиши кутилмоқда.

Жиззах автомобиль заводи

Жиззах автомобиль заводи 2017 йил 23 май куни рўйхатга олинган. Заводга «Ўзавтосаноат» томонидан тижорий техникалар ишлаб чиқарувчи корхоналарни бошқариш учун ташкил этган бошқарувчи компания — Uzauto Commercial Vehicles Management эгалик қилади.

Жиззах автомобиль заводи 2021 йилда Volkswagen тижорий автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича иккинчи лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

Лойиҳавий қуввати йилига 20 мингта автомобилни, сармоя ҳажми 1,44 триллион сўмни ташкил этади. 500 та янги иш ўрнини очиш режалаштирилмоқда.

Июль ойи охирида Ўзбекистонда биринчи Volkswagen дилерлик маркази очилиб, енгил Caddy тижорий автомобилларини сотиш бошланган эди.

Тақдимотга кўра, учта лойиҳага 99,5 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинади. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 22,2 триллион сўмни, бюджетга тушумлар 2,5 триллион сўм, экспорт 237 миллион долларни ташкил этиши мумкин.

Бунинг учун «Жиззах» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ)га зарур инфратузилмалар қурилиши учун 80 миллиард сўм ажратиш режалаштирилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Москванинг бир қатор университетлари билан ҳамкорликда хусусий университет қурилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, ёшларнинг таклифларига асосланиб, автомобиль саноати ривожланиб бораётган вилоятда Жиззах политехника институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Турин политехника университетининг факультетини очиш режалаштирилмоқда.

Бундан аввал Ўзбекистондаги бир нечта компаниялар 2021—2023 йилларда автомобиллар, пикаплар, юк машиналари, микроавтобуслар ва бошқа автомобилларни ишлаб чиқариш ва йиғишни йўлга қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар