Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 февраль куни ўтказилаётган Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари 26-сессиясида давлат раҳбари бош вазирнинг собиқ ўринбосари, марҳум Ўктам Барноев ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров фаолиятига тўхталиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Мен нима учун Хайрулла Бозоровни қўллаб-қувватлайман. У мен айтган топшириқларни муҳокама қилмасдан бажаради. Ундай ҳоким кам. Раҳматли Барноев ҳам муҳокама қилмасдан, айтган топшириқларни вақтида бажарар эди. Бухоро вилояти уч йилда кескин ўзгарди, бориб кўринглар.

Наманганда бирорта катта корхона йўқ. Хайрулла Бозоров айтганларимни бажариб, тадбиркорларни орқасидан эргашди. Кичик-кичик корхоналар ҳокимга ишонди. Ҳокимга ишонди дегани – давлатга ишонди, дегани. Тадбиркорлар сармоясини қўя бошлади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Маълумот учун, Хайрулло Бозоров 2015—2020 йиллар давомида Наманган вилоятига раҳбарлик қилган. 2020 йил 25 сентябрь куни Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, 2021 йилнинг 5 февраль куни ҳоким этиб тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этганди. Маълумотларга кўра, Барноев Германияда вафот этган — у хорижий мамлакатга даволаниш учун олиб кетилган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Барноевнинг ўлимини Тошкент шаҳридаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди. Бош вазир ўринбосарининг коронавирусга чалингани июль ойи охирида маълум бўлган эди. Президент Барноевнинг оила аъзоларига таъзия билдириш пайтида, бу ҳақда гапириб «Гапирмасам ҳам мени тушунарди», дея таърифлаган эди. Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг бирига Ўктам Барноев номи берилган.