Профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-76,2 кг) тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев (6-0, 5 КО) 14 февраль, якшанба тонгида ўзининг навбатдаги жангини ўтказади.
АҚШда бўлиб ўтадиган ушбу жангда Бектемирга мезбон спортчи Морган Фитч (19-4-1, 8 КО) рақиблик қилади. Жанг 8 раунддан иборат бўлади.
Бокс кечаси Тошкент вақти билан 05:00 да бошланади. Мусобақа Ўзбекистон телеканаллари орқали эфирга узатилмайди.
Жангларни ушбу ҳавола орқали томоша қилиш мумкин — ҳавола.
Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақада яна бир ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов ҳам жанг қилиши белгиланганди. Бироқ унинг рақиби Дейви Хулио белгиланган муддатга қадар комиссия тасдиғидан ўта олмагани боис жанг бекор қилинган.
Калифорния штати, Индио шаҳридаги Fantasy Springs Resort Casino мажмуасида ташкил этиладиган бокс оқшомининг асосий жанги иккинчи ярим енгил вазн тоифаси (-58,9 кг) вакиллари Жозеф Диас (31-1, 15 КО) ҳамда асли тожикистонлик Шавкат Раҳимов (15-0, 12 КО) ўртасида кечади.
Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев аслида 30 январь куни ярим оғир вазн тоифасида WBA Super, IBF, WBO чемпионлик камарларининг собиқ соҳиби, россиялик Сергей Ковалёв (34-4-1, 29 КО) билан жанг қилиши лозим эди. Бироқ Ковалёвда допинг аниқлангани боис жанг бекор қилиганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)