Ўзбекистон ҳаво кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда. Хусусан, кодекснинг 67-моддаси бўйича таклиф этилаётган ўзгартиришларга асосан, эндиликда аҳоли пунктлари бўйлаб ҳаво кемаларининг парвозларини амалга оширишга рухсат этилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.
Транспорт вазирлиги ва «Ўзавиация» агентлиги ваколатларини белгилаш, экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартибини ўрнатиш бўйича ваколатли органни белгилаш, шунингдек, аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга ошириш имкониятини қонуний равишда белгилаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси умумий 5 та банддан иборат. Улардан 4 таси техник жиҳатдан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардир.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти қуйидагиларга асосланади:
Биринчидан, Президентнинг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1- февралдаги фармонига мувофиқ «Дававианазорат» инспекцияси «Ўзавиация» агентлиги этиб қайта ташкил этилгани муносабати билан авиация маъмурияти вазифаларини Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзавиация» агентлиги зиммасига юклаш;
Иккинчидан, амалдаги экспериментал ҳаво кемаларини давлат рўйхатига олиш қоидалари «Дававианазорат» инспекцияси буйруғи билан тасдиқланган ва президентнинг 2020 йил 19 майдаги фармонига асосан ҳужжатни юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклига ўтказиш учун амалдаги Ҳаво кодексининг 39-моддасини тегишли қўшимча билан тўлдириш;
Учинчидан, президентнинг 2018 йил 11 апрелдаги фармонига мувофиқ, аэропортларда ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш (Handling) бўйича фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш бўйича талаблар бекор қилингани муносабати билан кодекснинг 96- ва 97-моддалари чиқариб ташлаш;
Тўртинчидан, кодекснинг амалдаги 67-моддасининг биринчи қисми аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга оширишни деярли тақиқлайди. Бу эса мамлакатнинг аҳоли пунктларида ҳаво кемаларидан кенг фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.
Масалан, бир двигателли самолёт Тошкент шаҳри устида парвозини камида 1000 метрдан ортиқ баландликда амалга ошириши лозим, сабаби агар самолёт двигатели ишдан чиқса бу ҳолда самолёт аҳоли пунктидан ташқарида қўнишни амалга ошириши ёки энг яқин аэродромда қўниши талаб этилади.
Бу нормани вертолёт учун умуман қўллаб бўлмайди, чунки двигатели ишдан чиқса, у аҳоли пункти ташқарисига ёки энг яқин аэродромгача парвозини давом эттириш имкони амалда мавжуд эмас.
Халқаро амалиётга кўра, деярли барча мамлакатларда парвозларни амалга ошириш қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ҳаво кемаларининг аҳоли пунктлари устидаги парвозига рухсат берилган.
Кодекснинг 67-моддасига таклиф этилаётган ўзгартиришлар Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги фармонига асосан, аҳоли пунктлари бўйлаб ҳаво кемалари парвозларини амалга ошириш, бу парвозлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда, қутқарув операцияларини амалга оширишда, қуруқликда ҳаракатланаётган транспортларнинг ҳаракатини ҳаводан туриб назорат қилишда, шунингдек, туризм соҳаси ва бизнес эҳтиёжларини қондириш учун ҳаво кемаларидан аҳоли пунктлари устида фойдаланишга бўлган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида киритилмоқда.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО) стандартлари, Европа иттифоқи қоидалари, АҚШ, Янги Зеландия, Беларусь, Қозоғистон ва Россия каби давлатларнинг амалиётлари ўрганилган ва қиёсий таҳлил қилинган.
Нашр журналисти мазкур масала юзасидан Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Дониёр Жумаев билан суҳбатлашди.
– Аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга ошириш қонуний равишда рухсат берилса, бу ҳолда аҳолига хавф туғилмайдими?
– Қонун лойиҳасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек, ердаги одамларга ёки уларнинг мол-мулкига хавф солмасдан, аҳоли пунктлари устидаги парвозлар фақатгина белгиланган йўналишлар ва баландликларда назарда тутилган.
Одатда бундай йўналишлар катта магистрал йўллар, дарёлар ва каналлар бўйлаб танланади ва белгиланади.
Мисол учун, Тошкент аэропортидан Янги ТошМИгача бориш учун вертолёт шаҳарни марказидан тўғри кесиб ўтиб кетмайди. Бунинг учун аввал «Ўзавиация» агентлиги томонидан хавфсиз йўналиш ишлаб чиқилади ва Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Йўналиш Тошкент аэропортидан учиб Тошкент ҳалқа йўли устидан парвоз қилиб ТошМида қўнади.
– Маршрутларни белгилаш, алоҳида ҳолларда парвозларни амалга ошириш қандай тартибга солинади?
– Инсон ҳаётини қутқариш мақсадида парвоз қилиш ёки алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Ҳаво ҳудудидан фойдаланиш нормалари амалдаги кодекснинг 2-, 4- ва 9-моддаларида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 апрелдаги 114-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Самовий ҳудудидан фойдаланиш тўғрисидаги низом»да белгилаб берилган.
– Кичик авиация хизматидан фойдаланиш мақсадида аҳоли пунктлари устидан парвозларни амалга ошириш учун келиб тушган сўровномалар бўйича статистика маълумотлари борми?
– 67-модданинг амалдаги таҳрирининг биринчи қисми аҳоли пунктлари устида парвозларни амалга оширишни деярли тақиқлагани сабабли ҳозирги кунгача деярли сўровномалар бўлмаган, шу сабабли статистика маълумотлари ҳозирча мавжуд эмас. Умид қиламизки, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кичик авиация ривожланишига йўл очиб беради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг барча ҳудудий аэропортларида 2020 йилнинг 1 августидан «Очиқ осмон» режими жорий этилганди.
Изоҳ (0)