Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбари ташриф давомида марказнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Таъкидланишича, бугунги кунда бино тўлиқ қад кўтарган. Унинг марказида улкан шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилган.

Давлат раҳбари ҳар бир йўлак ва хонага кириб, уларни пардозлаш ва жиҳозлашга оид лойиҳаларни кўрди.

Марказнинг ички ва ташқи кўриниши, нақшлари юзасидан тавсиялар берилди. Хоналарни кўплаб сайёҳлар, делегациялар келиши, халқаро конференциялар ўтказилишини инобатга олиб замонавий жиҳозлаш, экспозицияни турли ёшдаги инсонларга мос ҳолда тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Президент аввалги ташрифи чоғида Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун негиз бўлиши, бу ерда олимлар тадқиқот олиб бориб, талабалар билимини мустаҳкамлаши кераклигини айтган эди. Шунга кўра, лойиҳа такомиллаштирилиб, марказда Халқаро ислом академиясининг магистрант ва докторантлари ўқиши учун шароит яратиш назарда тутилган.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Марказнинг интерьер ва экстерер безаги, жиҳозланиши, коммуникация, хавфсизлик тизимлари энг илғор талабларга жавоб беради. Давлат раҳбари шу ерда олимлар, зиёлилар, нуронийлар ва маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

«Миллий ўзликни англаш деб кўп гапирамиз. Лекин шунга муносиб бўляпмизми, деган туйғу мени қийнайди. Ота-боболаримиз қийин шароитларда, меҳнат-машаққат билан қандай буюк ишларни амалга оширган. Жадид боболаримизни ҳам бекорга қатағон қилишмаган. Чунки билишардики, илм, ғурур, давлатчилик бизнинг қонимизда бор. Бу ерда ҳамма буюк алломаларимизнинг овози эшитилиб туради», – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Марказ жойлашган Олмазор туманидаги ҳар бир маҳалла ушбу маърифат масканига муносиб бўлиши, билим, тарбия жиҳатидан таклифларини бериши зарурлиги таъкидланди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

«Шуни амалга оширсак, ҳар бир маҳаллага Ислом цивилизацияси марказининг нури киради, юзимиз ёруғ бўлади», – деди Президент.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Марказ қурилиши давом этмоқда.