Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш мақсадида, хусусан, бошқа мамлакатлардан вируснинг янги штаммлари кириб келишининг олдини олиш борасида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали мамлакатга кириш)ни тўхтатиш каби чоралар кўрилган эди.

Ҳозирда юзага келган ҳолатлар таҳлили ҳамда юқорида қайд этилган мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда 2021 йилнинг 1 февралига қадар киритилган чеклов муддати Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2021 йилнинг 1 мартига қадар узайтирилди. Бу ҳақда ССВ хабар бермоқда.

Шунингдек, қоидага кўра:

  • Юқорида номлари саналган давлатларда сўнгги 14 кун давомида бўлган шахслар юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистонга киритилмайди.
  • Сўнгги 14 кун давомида ушбу давлатларда бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаси ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олинади.

Декабрь ойи ўрталарида Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланганди. Кўпгина мамлакатлар, шу жумладан, Россия Буюк Британияга парвозларни вақтинча тўхтатди. Россиялик вирусолог янги вариантнинг тез тарқалаётгани сабабли у аста-секин эски штамм ўрнини босишини айтган.

Аввалроқ Ўзбекистонда февраль ойида карантин чекловлари кучайтирилиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилгани ҳақида хабар берилганди.