Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, тез орада мамлакат коронавирусга қарши биринчи миллион дозадаги вакциналарни қабул қилади. Аммо қайси вакцинадан фойдаланилиши ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Фото: CNN

«Февраль ойида Украинада эмлаш бошланади, биз тез орада Украинага етакчи халқаро компаниянинг 1 миллион дозали вакцинаси етказиб берилишини кутмоқдамиз — бу биринчи миллион доза бўлади. Тафсилотларни яқин вақт ичида эълон қилишимиз мумкин», — деди Владимир Зеленский ўзининг расмий Telegram каналига жойлаштирилган видеомурожаатида.

Жонс Ҳопкинс универстети маълумотларига кўра, Украинада пандемия бошланганидан бери 1,23 миллион киши коронавирус билан касалланган, 23 минг киши вафот этган.

Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба COVID-19’га қарши Россия вакцинаси самарали бўлиб чиқса ҳам, унга қарши туришини айтганди. Унинг сўзларига кўра, мазкур вакцина тарғибот мақсадларида қўлланилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Украинада 2021 йил 8 январдан қатъий карантин жорий этилиб, мамлакатда 24 январдан бошлаб қатъий локдаунни бекор қилиш ва коронавирус туфайли жорий қилинган аввалги чекловларга қайтиш режалаштирилганди.