Австрия аҳолисига 25 январдан дўкон ва жамоат транспортида одатий мато ниқоб ўрнига юқори ҳимояланган FFP2 респираторини тақиши мажбурий этиб белгиланди. Бу ҳақда Австрия канцлери Себастьян Курцнинг 17 январь куни Федерал ҳукумат томонидан ўтказилган матбуот анжуманида берган баёнотига таяниб, «РБК» ёзмоқда.

Фото: Getty Images

Австрия соғлиқни сақлаш вазири Рудольф Аншобернинг таъкидлашича, респиратор вирусдан ишончлироқ ҳимоя қилади, аммо унинг нархи одатий ниқобдан анча юқори бўлгани боис барча ниқоблар ўз таннархида сотилади, камбағалларга эса бепул тақдим этилади. Маҳаллий The Local газетасининг хабар беришича, респиратор нархи, тахминан, 1 евро бўлади.

FFP2 респираторларини мажбурий тақишдан ташқари, 25 январдан Австрияда жамоат жойларида 2 метр оралиқ масофани сақлаш талаби ҳам кучга киради.

Себастьян Курц Австрияда карантин муддати 7 февралга қадар узайтирилишини эълон қилди. Аввалроқ чекловлар 18 январда олиб ташланиши ҳақида хабар берилганди. «Карантин узайтирилишига сабаб Австрияда коронавируснинг «британча» штамми аниқланган, у икки баравар тез тарқалмоқда», — деди канцлер.

Амалдаги чекловлар тўғрисидаги маълумотлар веб-сайт орқали эълон қилинган.

Уйдан фақат озиқ-овқат харид қилиш, спорт билан шуғулланиш, иш ёки ўқиш учун чиқишга рухсат этилади. Озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, почта алоқаси соат 6:00 дан 19:00 гача ишлайди. Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилотлари (банк, суғурта компаниялари, устахоналардан ташқари), ресторан ва меҳмонхоналар фаолиятига қўйилган тақиқ ўз кучида қолмоқда. Музейлар, кутубхона, архив, ҳайвонот боғи ва ботаника боғлари ёпиқлигича қолади.

Мактабларда масофавий ўқитиш давом этади. Қуйи Австрия ва Венада 8 февралдан, мамлакатнинг бошқа қисмларида 15 февралдан мактаблар фаолиятини босқичма-босқич ҳамда икки сменада бошлаш режалаштирилган.

Спорт иншоотлари ва арқон йўли машғулотлари хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолиятини давом эттиради. Мазкур муассасаларда респиратор тақиш ва 1 метр оралиқ масофани сақлаш мажбурийдир.

Респиратор оддий ниқобдан фарқли ўлароқ, ҳавони самаралироқ фильтрлайди. Унинг асосий фарқи шундаки, ниқоб касал одам йўталганда ёки аксирганда чиқадиган вирус ва бактериялар тарқалишини кечиктиради, респиратор соғлом одамни ҳимоя қилиб, унинг танасига вирус тушишининг олдини олади. Респираторлар бир нечта турга бўлинади: клапанли, клапансиз, фильтр билан ўрнатилган ва алмаштириладиган. Улар юзга яқинроқ туради. Респираторлар учта ҳимоя синфига эга: биринчи синф респиратори чангдан, иккинчи синф (FFP2) – ёғ ва сувга асосланган аэрозоллардан ҳимоялайди, учинчиси токсик моддаларнинг юқори концентрацияли саноатида қўлланилади. Битта респираторни олти-саккиз соат давомида тақиш мумкин.

15 январдан бошлаб Австрия ҳукумати мамлакатга кирувчилар учун мажбурий онлайн рўйхатдан ўтишни жорий қилди. FFP2 респираторини тақиш фақат Австрияда эмас, Германияда ҳам мажбурий қилинган.

Мазкур қоида биринчи бўлиб Германиянинг энг йирик федерал штати Баварияда кучга кирган. Ангела Меркелнинг 16 та федерал штатлар раҳбарлари билан учрашувидан сўнг респиратор тақиш бутун Германия аҳолисига мажбурий қилинди. Германияда амалдаги чекловлар 14 февралга қадар узайтирилди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Австрияда пандемия бошланганидан бери 404,7 минг кишида коронавирус аниқланган. 7,4 минг киши касалликдан вафот этган.