Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми  60 га яқин мамлакатда қайд этилган. Мазкур штамм аниқланган давлатлар сони 12 январдан буён 10 тага кўпайди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) баёнотига таяниб.

Фото: CNN

«Бугунги кунга қадар ЖССТга олтита минтақа бўйлаб 60 та мамлакат, ҳудуд ва маҳаллий жамоаларда мазкур штаммни юқтирганлик тўғрисида хабар келиб тушди»,— дейилади ЖССТ маълумотлар жадвалида.

ЖССТ маълумотига кўра, бутун дунёда 94 миллиондан ортиқ киши COVID-19’га чалинган. Бир кеча-кундузда касалланиш бўйича 312,2 мингта янги ҳолат аниқланган. 2 миллиондан ортиқ киши вирус қурбонига айланган.

Декабрь ойи ўрталарида Буюк Британияда коронавируснинг янги мутацияси аниқланганди. Кўпгина мамлакатлар, шу жумладан, Россия Буюк Британияга парвозларни вақтинча тўхтатди. Россиялик вирусолог янги вариантнинг тез тарқалаётгани сабабли у аста-секин эски штамм ўрнини босишини айтган.

Аввалроқ коронавируснинг «британча» штамми 41 та, «африкача» штамми эса 7 та мамлакатда аниқлангани, Британияда учинчи локдаун эълон қилингани ҳамда Германияда коронавирус туфайли карантин узайтирилиб, аҳолига тиббий ва респираторли ниқобларни тақиш мажбурий қилингани ҳақида хабар берилганди.