Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида маст эркак хотини ва қайнсинглисини пичоқлади. Натижада аёллардан бири вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Қашқадарё вилоят ИИБ

Хабар берилишича, Қарши шаҳрида яшовчи аёл Н.С. эри К.С. билан ўзаро келишмовчилик сабаб тортишиб қолиб, 2020 йилнинг декабрь ойи охирида Қарши туманида яшовчи синглиси Н.Л.нинг уйида яшай бошлаган. 2021 йил 14 январь куни соат тахминан 18:10 да қайнсинглисининг уйига маст ҳолда борган эр жаҳл устида турмуш ўртоғи ва қайнсинглисининг баданига ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказган.

Сўнгра ўзини ҳам ўлдириш мақсадида қўлидаги ошхона пичоғини қорнига уч маротоба санчган. Воқеа жойидан, 15—20 дақиқа ўтиргач, велосипедига миниб, яшаш уйига қайтган.

Фото: Қашқадарё вилоят ИИБ

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг аниқлик киритишича, пичоқланган аёллардан бири вафот этган. Аммо айнан кимлиги очиқланмаган.

Вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Сотволдиев иштирокида Қарши шаҳар прокуратураси, бошқарма Фахрийлар кенгаши, сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари, имом хатиб, профилактика инспекторлари ҳамда жанжалкаш оила аъзолари мазкур қотилликнинг келиб чиқиш сабаби ва оқибатларини муҳокама қилган.

Фото: Қашқадарё вилоят ИИБ

Ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан К.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.