«Дарё» ўтиб бораётган ҳафтада дунё матбуотида эълон қилинган ва муҳокама марказида бўлган мақолалар шарҳи билан таништиради. 

Хитой ва Ҳиндистон муносабатларининг муаммоли истиқболлари

Хитойнинг иқтисодий экспансионизми, ривожланиб бораётган ҳарбий салоҳияти тобора Ҳиндистоннинг шимоли шарқий чегараларига, Ҳинд уммонидаги денгиз ҳавзаларига ҳамда АҚШ ва Россия билан муносабатларига ҳам хавф туғдирмоқда, деб ёзади The Times of India нашри. Расмий Деҳли Хитой тарафидан келаётган хавфларга қарши турмоқчи бўлса, хавфнинг юзига тик боқиши лозим.

2020 йилнинг июнь ойида Галван водийсида хитойлик ва ҳиндистонлик чегарачиларнинг ихтилофи Хитой—Ҳиндистон чегара олди вилоятларида агрессив сиёсатни дастак қилганлигини кўрсатиб қўйди. Бироқ икки мамлакат ҳам айни пайтда уруш келиб чиқишини истамайди. Шундай бўлса-да, Галван водийси ҳақида гап кетар экан, дипломатик йўл билан муносабатларни ойдинлаштириб олиш ҳам муаммога айланган.

2014 йилда бош вазирликни қўлга киритган Нарендра Моди Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан 18 маротаба учрашиб улгурди, лекин бу мулоқотларнинг ҳеч бири ҳозирча Ҳиндистонга Галван водийси масаласида бирор-бир самарали натижа бермади. Хитойда эса Ҳиндистоннинг қўшнилари Шри-Ланка, Бангладеш ва Непалда бош сармоядор сифатида яхши таассурот қолдирмоқда. Қолаверса, Хитой ҳозирда Бангладеш ва Шри-Ланкага энг кўп миқдорда қурол-яроғ етказиб бераётган таъминотчига ҳам айланди. Ҳиндистон қўшниларининг тобора Хитой таъсири остига тушиб қолаётганликларини сезиб турган бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан заиф Ҳиндистон ён қўшнилари учун мураккаб вазиятда Хитойдек иқтисодий ҳамкор вазифасини бажара олмаяпти.

Хитой Ҳинд океанида экспансионизм сиёсатига зўр бераётган, Ҳинд ва Тинч океани минтақасида турли минтақавий алоқаларни кенгайтираётган бир пайтда Ҳиндистон минтақада иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда сусткашликка йўл қўймоқда. Чунки ҳозирда расмий Деҳлининг бор диққат-эътибори қуруқликдаги қўшинларининг мудофаа қобилиятини ривожлантиришга катта маблағларни сарф қилаётгани билан изоҳланади. Ҳинд уммони минтақасида  Ҳиндистон ўз денгиз ҳарбий флотини ривожлантиришга янада кўпроқ маблағ ажрата олиш ёки олмаслиги савол остида қолмоқда. Хитой эса бу борада вақтни беҳудага сарфлаётгани йўқ.

Фото: Google Photos

Германия, Франция, Буюк Британия ва Австралия Ҳинд ва Тинч океани минтақасида ўз таъсирларини кенгайтиришга ҳаракат қилаётган, Ҳиндистонни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, бу давлатларнинг ҳеч қайси бири Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий қудратига бас келолмаслиги аниқ. АҚШ эса Хитойга бас келиши кўпроқ ҳақиқатга яқинроқ. Шу сабабдан, Ҳиндистон ҳозирда ҳам АҚШ, ҳам Россия билан келишувга эришиши, келишувга эришганда ҳам, Россиядан сотиб олинаётган ҳарбий қурол-яроғлар натижасида расмий Вашингтоннинг кўмагидан ҳам айрилмасликнинг уддасидан чиқиши керак. АҚШ эса расмий Деҳлининг Россиядан қурол-яроғ сотиб олаётганлигига ҳозирча кўз юмиб тургани билан ўз замонавий қурол-яроғларини Ҳиндистонга сотиш фикридан тийилиб турибди.

Бошқа тарафдан, Ҳиндистоннинг Россия билан иқтисодий ҳамкорлиги оқибати ҳам яхши, ҳам ёмон тугаши мумкин бўлган истиқбол саналади. Чунки расмий Кремль АҚШнинг азалий рақиби сифатида унинг танобини тортиб қўйиш учун Хитой билан ўз муносабатларини бузмаслик шарти сифатида Ҳиндистоннинг Галван водийси борасидаги истакларини қўллаб-қувватламайди. Қолаверса, Россия Ҳиндистонни анчадан бери АҚШ етакчилигидаги Ҳинд—Тинч океани минтақасидаги тўртликка қўшилганини совуқ қарши олди ва қўллаб-қувватламади. Устига-устак Хитойнинг мазкур минтақадаги ҳаракатлари борасида сукут сақлашни маъқул топди. Бу эса Ҳиндистоннинг манфаатларига мутлақо зид келади.

АҚШ ва Россия ўртасидаги душманлик кайфияти мавжуд экан, Ҳиндистон икки мамлакат билан ўз муаммо ва муносабатларини қандай тарзда ривожлантириши истиқболи ҳам ноаниқ қолмоқда. Расмий Деҳли 2019 йилнинг сентябрь ойида бир оқилона тадбирни амалга оширди. Ўша пайтда ҳинд ҳукумати АҚШнинг R-8 Poseidon номли учоғига Андаман ва Никобар оролларидаги базадан ёқилғи қуйиб олишига имкон берди. Мазкур воқеа эса 2016 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ҳукумати ўртасида имзоланган логистик айирбошлаш ҳақидаги меморандумнинг имзоланиши туфайли амалга ошди. Бу меморандум ўз навбатида АҚШ ва Ҳиндистоннинг ҳарбий алоқаларини ҳам озгина силжитишга замин яратди.

Хитой ҳам, АҚШ ҳам, Ҳиндистон ва Россия ҳам Ҳинд ва Тинч океани минтақасида ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари йўлида ҳаракат қилар экан, Хитойнинг Ҳиндистон ҳудудларига кўз олайтираётгани, Хитой таъсирининг Ҳиндистонга қўшни мамлакатларда ортаётгани, Хитой ва Россиянинг АҚШга қарши кайфиятию, Хитой ва Россиянинг иқтисодий ҳамкорлиги Ҳиндистон учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ҳиндистон АҚШ, Хитой ва Россия ўқи атрофида ҳаракат қилар экан, Хитойга қарши туриш учун сўзсиз ўз иқтисодий тараққиётига зўр бериши керак ва шундагина, балки Хитойнинг зўрайиб бораётган агрессив ҳаракатларига жавоб қайтара олар.

Миср ва Эфиопия Нил борасида нега зиддиятга боряпти?

Миср ва Эфиопия Нил дарёсидаги тўғон қурилиши борасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолганлиги борасида даҳанаки жангга юз тутди. Эфиопия ҳукумати Нил тўғони музокараларининг тўхтаб қолиши ҳамда Хартум ва Аддис-Абеба ўртасидаги муносабатларнинг таранглашиши манзарасида Миср ҳукуматини қасддан душманлик қилаётганда айблаб чиқди, деб ёзади Al-Monitor нашри.

2020 йилнинг 30 декабрь санасида Миср ҳукумати Эфиопиянинг Қоҳирадаги муваққат вакили Дина Муфтини Ташқи ишлар вазирлигига чақиради. Гап шундаки, Дина Муфти бир баёнотида «Мисрда инсон ҳуқуқлари бузилаётганлигини» таъкидлаганди. Мазкур воқеа эса тўрт йилдан кўпроқ вақт мобайнида биринчи марта юз бераётган сиёсий воқелик бўлди. Кузатувчилар назарида Миср ҳукуматининг бундай хатти-ҳаракати Нил дарёсидаги Ренессанс тўғони музокаралари тўхтаб қолаётган бир даврга тўғри келиши расмий Қоҳира ва Эфиопия ўртасидаги тарангликнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.

Миср ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вакили Аҳмад Хофиз Дина Муфтининг 30 декабрдаги баёнотини танқид қилар экан, «бу баёнот Миср ҳукуматини ҳақорат қилиш билан баробарлигини, Эфиопия ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизликларини эфиопияликлар диққат эътиборидан чалғитиш ва ўртада душманлик кайфиятини ёйиш учун ўйлаб топилган» нарса эканлигини таъкидлайди. Ўз навбатида, Миср ҳукумати ташқи ишлар вазири расмийси Эфиопияни Тиграйда юз берган воқеалар ва Судан билан чегараолди ҳудудларда юз бераётган кўнгилсизликларга эътибор қаратишини маслаҳат ҳам беради.

Фото: Google Photos

2012 ва 2013 йилларда Эфиопия ва Миср ҳукуматлари Нил дарёси бўйида жойлашган баҳсли Ренессанс тўғони атрофида келиб чиққан можаролар сабабли ўз элчиларини чақириб олганди. 2016 йилда эса Эфиопия ҳукумати Қоҳирадаги элчисини оромо халқи билан боғлиқ изоҳлар туфайли чақириб олади. Миср ташқи ишлар кенгаши аъзоси Раха Ҳасан Эфиопия элчисининг баёнотига изоҳ берар экан, «Эфиопия расмийси қўпол хатоликка йўл қўйгани ва Африка Иттифоқи кенгаши низомларини бузганлиги»ни билдирди. Миср расмийси, шунингдек, Тиграйда фуқаролар уруши кетаётган ва мураккаб сиёсий вазият кузатилаётган пайтда Миср ҳукумати Эфиопиянинг ички ишларига аралашмаганлигини ҳам қўшимча қилди. 2020 йилнинг ноябрь ойларида Эфиопия ҳукумати қўшинлари Тиграйдаги воқеаларда юзлаб инсонларнинг ҳалок бўлишига ва минглаб инсонлар қўшни Суданга қочиб ўтишига сабаб бўлганди.

Миср расмийлари назарида, Эфиопия ҳукумати мулозимининг Мисрдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги баёноти қасддан Ренессанс тўғони борасидаги янги музокараларнинг янги босқичи бошланиши арафасида содир бўлаётганлигини таъкидлади. Судан ҳам ўз навбатида сўнгги пайтларда ўзини ғалати тутмоқда. 31 декабрь санасида Судан ҳукумати Эфиопияни Қоҳира ва Хартумнинг келишувисиз Ренессанс тўғони музокараларини бошламасликка ва тўғон масаласидаги музокаралар столига Африка Кенгаши давлатларидан эксперт қатнашсагина қайтиши мумкинлигига ишора қилди. Бу эса Судан ва Эфиопия ўртасидаги зиддиятларнинг кучайган даврига тўғри келиб қолди. Расмий Хартум исёнчиларни эфиоп ҳарбийларининг ёрдамини олаётганликда ва Судан аскарларига тузоқ қўяётганликда айблаб чиқди. Миср ҳукумати эса Эфиопиянинг хатти-ҳаракатларини қоралади ва ҳар доим Судан билан бирга экани, суданликлар ўз чегаравий хавфсизликларини ҳимоя қилишга ҳақли эканликларини билдирди. Миср ҳукуматининг мазкур баёноти эса Эфиопияда акс-садо берди. Қоҳиранинг Аддис-Абеба ва Хартум ўртасидаги низоларда сиёсий позицияси қандай эканлиги борасида саволларни юзага келтирди. Миср Ташқи ишлар вазирлиги эса Судан ва Эфиопия ўртасидаги вазиятга дахли йўқ эканлигини, аммо бир Африка давлати иккинчи бир Африка давлатига ҳужум қилиши масаласини қоралашга тўлақонли ҳақли эканлигини билдирди.

Айрим сиёсатчилар назарида, Эфиопия ҳар доим Нил дарёсидаги баҳсли тўғон борасида музокаралар ўтказилиши олдидан турли провокацияларни бошлашини айтади. Миср эса доим Эфиопиянинг сиёсий қутқуларига ҳеч нарса демай келган. Аммо бу сафар расмий Қоҳира сукунатни бузишга, қатъий чоралар кўришга аҳд қилди.

Халқаро инқироз гуруҳининг Африка масалалари бўйича тадқиқотчиси Рикардо Фабиани назарида, Миср ва Эфиопия ўртасидаги даҳанаки жанг муносабатларга путур етказса-да, бу қисқа муддатли эканлигини эътироф этар экан, Миср ва Эфиопия бир-бирларининг ички сиёсатини муҳокама қилиши ўтмишда кузатилмаганлигини айтади. Эҳтимол, дейди Рикардо Фабиани, Эфиопия ҳукумати Мисрни танқид қилиш билан Мисрнинг Эфиопиядаги ички ишларга аралаштирмасликни ҳам кўзлаган бўлиши ва Тиграй билан боғлиқ воқеаларда Мисрни узоқроқ бўлишига ўзига хос ишора ҳам бераётгандир.

Миср ҳукумати эса Эфиопия билан содир бўлган воқеа Нил дарёси бўйидаги тўғон музокараларига таъсир қилмаслигини, муаммога нуқта қўйилганини билдирди. Шу тариқа, 3 январь санасида бир ойлик танаффусдан сўнг Миср, Судан ва Эфиопия ҳукуматлари вакиллари тўғон музокараларининг янги раундига старт берди. Африка Кенгаши вакиллари келгусида имзоланадиган ҳужжатнинг хомаки нусхасини танишиб чиқиш учун тарафларга тақдим қилди. Томонлар бир ҳафта муддат ичида ҳужжатнинг бандлари билан танишиб чиқиб, қайси нуқталарга розию, қайси нуқталарда қарама-қаршилик борлигини айтишларини сўради. Бироқ 4 январь санасида Судан ҳукумати вакилларининг айби билан музокараларнинг янги босқичи яна боши берк кўчага кириб қолди. Миср ҳукумати эса Эфиопиядаги низолар сабаб ҳали бери тўғон масаласи ижобий ҳал бўлмайди, деган фикрда қолмоқда.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.