Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Кумидон» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Афсона-4» автомобилларга газ қуйиш шохобчасида 11 январь куни соат тахминан 7:50 да газга навбатда турган Damas ёниб кетди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) хабар бермоқда; ҳодиса видеоси Telegram’да тарқалган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 1999 йилда туғилган Б.А. бошқарувида бўлган машинанинг ёниб кетишига двигатель қисмидаги электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган. Қайд этишларича, ёнғин тезда (бошқа ҳайдовчилар ёрдами билан) бартараф этилган, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.

«Ҳодиса юзасидан Тўрақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда», — дея қўшимча қилинган ИИВ ЙҲХББ ахборотида.

Куни кеча Намангандаги газ-заправкаларнинг бирида навбатда турган ҳайдовчилардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ундан аввалроқ эса наманганлик ҳайдовчилар газ-заправкада навбат талашиб, муштлашиб кетгани маълум бўлган эди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 4 январдан бери «магистрал газ қувурларидаги газ босимини қайта тиклаш мақсадида» газ-заправкалар тонг соат 05:00 дан 15:00 гача, чекланган тартибда ишламоқда, бунинг натижасида газ қуйиш шохобчаларида «4—6 соатлик навбатлар» юзага келмоқда. Ушбу тартиб қачонгача давом этиши номаълум.