Ўзбекистонда COVID-19 нинг янги штаммини аниқлаш учун қўшимча текширувлар ўтказиш талаб этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Севара Убайдуллаева «Дарё»а мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.
Айни вақтда дунёнинг бир қатор мамлакатларида коронавируснинг янги штаммлари аниқланмоқда. Масалан, декабрь ойидан бери вируснинг «бразилияча», «африкача», «британча» штаммлари аниқланди. Хусусан, «британча» штамм касалликнинг одатдаги кўринишидан 70 фоизга юқумлироқ экани билан ажралиб туради.
Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқала бошлагач, Ўзбекистон бу ва ушбу штамм тарқалган бошқа бир қатор мамлакатлар билан авиақатновларни вақтинча тўхтатди. Айни вақтда Ўзбекистон чегараларида қўшимча чоралар кўрилиб, мамлакат ҳудудига кирувчи шахслар чегаранинг ўзидаёқ ПЗР ёки экспресс-тест усулида текширилмоқда.
Севара Убайдуллаеванинг маълум қилишича, чегарада фуқаролар ПЗР ёки экспресс-тест усулида текширилганда фақат организмида коронавирус бор-йўқлиги аниқланади.
«Вируснинг айнан қандай штамми эканлигини билиш учун қўшимча текширув керак. Давлатимизга кириб келаётган шахслар асосан экспресс-тест усулида текширилмоқда. Ушбу тест юқори сезувчанликка эга ва у коронавируснинг ташқи қобиғидаги С-оқсилини аниқлаш имконини беради. Тестлар оқсилни аниқлашга 97 фоизгача сезувчан», — деди штаб аъзоси.
Унинг таъкидлашича, экспресс-тестнинг афзаллиги — 30 дақиқада жавоби чиқади ва организмга инфекция тушганидан ташқари, фуқаро тахминан қачондан бери касаллик тарқатувчиси эканини ҳам аниқлаш имконини беради. «Айнан вирус штамми — серотип ёки маркер дейилади. Уни аниқроқ билиш учун суртмадаги вирусни чуқурроқ ўрганиш талаб этилади», — дея қўшимча қилди Убайдуллаева хоним.
Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистонда ҳали коронавируснинг янги штамми аниқланмагани, «бизда ушбу штаммни юқтирган бемор йўқ»лигини маълум қилган эди. Қайд этиш жоиз, «британча» штамм борган-сари Ўзбекистонга яқинлашмоқда -- куни кеча Россияда коронавируснинг янги турини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)