Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 2021 йилнинг 9 январь куни «Спорт ва туризмни соҳаларини ривожлантириш бўйича 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг танқидий-таҳлилий натижалари ҳамда 2021 йилги устувор вазифалар» мавзусида брифинг бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда «Kun.uz».
Унда иштирок этган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 2020 йилда 1 миллион 800 минг нафар маҳаллий туристлар сафари ташкил этилганини, 2021 йилда буни кескин ошириб, 7,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилганини айтиб ўтди.
«Президент топшириғига биноан, маҳаллий аҳолининг саёҳат қилиши учун қулай ва арзон транспорт билан таъминлашда авиа ва темир йўл чипталарига 30 фоиз чегирма берилади», – дея маълум қилди Абдуҳакимов.
Бундан ташқари, 2021 йилда транспорт логистикасидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида янги авиа ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилади. Андижон ва Хивани тўғридан-тўғри боғловчи темир йўл рейси, Фарғона ва Урганч авиарейси, Қаршидан Урганчга темир йўл ҳамда авиарейслар йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ички туризмни ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» дастурини жадаллаштириш мақсадида яна кўплаб чегирмалар жорий этилиши маълум қилинди.
Аввалроқ Uzbekistan Airways маҳаллий рейслар учун Янги йил байрамига ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан талаба ва ўқувчилар учун 50 фоизлик чегирма эълон қилган эди.
Изоҳ (0)