Дональд Трампни қўллаб-қувватловчилар томонидан ташкил этилган «Американи қутқариш марши» номли норозилик намойиши иштирокчилари 6 январь куни кундузи пойтахт Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кирди. Meduza’нинг ёзишича, АҚШ Конгресси айнан шу ерда мамлакат президентлиги учун ўтказилган сайлов якунларини тасдиқланиши керак эди.

Фото: «РИА Новости»

Норозилик намойиши иштирокчилари бундан аввал Капитолийни ўраб олган полиция билан тўқнашув келтириб чиқарган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ воситасида тарқатиб юборишга уринган.

Намойишчиларнинг хатти-ҳаракатлари сабаб Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлган. Хабар беришларича, мажлисда қатнашаётган АҚШ вице-президенти Майк Пенс Конгресс биносидан эвакуация қилинган.

Капитолий олдидаги тартибсизликлар сабабли Вашингтон мери Мюриэл Баузер шаҳарда комендантлик соатини эълон қилди; ушбу тартиб маҳаллий вақт билан 6 январь соат 18:00 дан 7 январь тонг соат 6:00 га қадар амал қилади.

Фото: Telegram / @varlamov_news

Фото: Telegram / @varlamov_news

Фото: Telegram / @varlamov_news

Фото: Telegram / @varlamov_news

Фото: Telegram / @varlamov_news

Фото: «РИА Новости»

Конгресс мажлиси бошланиши арафасида Дональд Трамп «Американи қутқариш марши»да намойишчилар олдида чиқиш қилди. У, жумладан, шундай деган: «Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, биз ҳеч қачон мағлубиятни тан олмаймиз».

Намойишчилар Капитолийга бостириб кирганидан сўнг, Трамп Twitter’даги саҳифаси орқали ўз тарафдорларини тинч ҳаракатланишга ва полицияга қаршилик кўрсатмасликка чақирди.

АҚШ Конгресси 6 январь, чоршанба куни АҚШ президенти сайлови натижаларини тасдиқлаши лозим эди. Аввалроқ сайловчилар ҳайъати сайлов натижаларини эълон қилган эди. Унга кўра, президентликка номзоди Демократик партиядан кўрсатилган Жо Байденни 302 нафар сайловчи, амалдаги президент, республикачилар вакили Дональд Трампни эса 232 сайловчи қўллаб-қувватлаган. Сайловда ғолиб чиқиш учун эса 270 сайловчининг овози етарли. Трамп сайлов натижаларини алоҳида штатларда бекор қилишга бир неча бор уринди.