Қашқадарёнинг бир қатор туманлари электр таъминотидан тўлиқ узилгани сабаб сув таъминотида муаммолар юзага келди.

Фото: Telegram / Қашқадарё 24/7

Маълумотларга кўра, 4 январь куни соат 06:59 да ва 10:10 да Қашқадарё вилояти «Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси»га қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган «Нефтчи» подстанциясида реле ҳимоядан ўчган.

Толимаржон ИЭСга етарли миқдорда газ бормагани учун иккита энергоблок тўхтаган. Оқибатда Қашқадарёнинг бешта туманида тўлиқ электр энергиясидан узилиш ҳолати рўй берган ва Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида жойлашган сув ишлаб чиқариш иншоотлари фаолияти тўхтаган. Оқибатда аҳолига сув етказиб беришда ҳам муаммолар юзага келган.

Қайд этилишича, ҳозирда «Иссиқлик манбайи» фаолиятида ҳам узилиш рўй бериб, кўпқаватли уйларнинг иситиш тизими тўлиқ қувват билан ишламаяпти.

«Қашқадарё Сувтаъминот»нинг Қарши шаҳар бўлими тарафидан вилоят аҳолисига махсус техникаларда ичимлик суви етказиб берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими Зоир Мирзаев вилоятда электр таъминоти соатлаб режасиз узилаётгани устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилганди. Бош вазир вазият икки кунда ўнгланишини ваъда берганди.

Аввалроқ Қашқадарёнинг нафақат туманлари, балки маъмурий маркази ҳисобланган Қарши шаҳрида ҳам электр таъминотида олти соатлаб узилишлар бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.