Reddit тармоғининг GreedyPaint исмли фойдаланувчиси ноодатий вазифани уддалади — у бутун бошли фильм ҳажмини сиқиб, дискетага (floppy-disk) ёзишга муваффақ бўлди. Ушбу ташувчининг хотираси 1,44 мегабайтга тенг бўлиб, унга «Шрек» мультфильмининг 4,7 гигабайт келадиган DVD-версияси ёзилган, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Бунинг учун тармоқ фойдаланувчиси видеони 120х96 пикселга қадар сиқа оладиган ва частотасини сониясига 24 тадан 4 тага камайтиришга қодир х265 кодек модификациясини ишлаб чиққан — эндиликда у тўлақонли фильмдан кўра кўпроқ слайд-шоуга ўхшайди. Аммо у ўз мақсадига эришган — тайёр файлнинг ҳажми 1,37 мегабайтни ташкил этган, дискетада яна бўш жой ҳам қолган.
GreedyPaint дискетага ёзиш ва уни ўқиш учун эски телевизорга уланган Raspberry Pi базасида мини-компьютер йиғган. Назарий жиҳатдан, бу орқали исталган стандарт фильмни 3 минг маротабага сиқиб, дискетага ёзиш мумкин.
Аввалроқ «Шрек» мультфильми Америка фильмларининг миллий реестрига киритилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)