Буюк Британияда 2020 йил 31 декабрь куни 55 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланди, бу пандемия бошланганидан буён мамлакатдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда қироллик ҳукуматининг сайтида маълум қилинди.

Фото: Reuters

Сўнгги бир кун ичида мамлакатда 55 892 кишида вирус аниқланган, 964 киши вафот этган.

Сўнгги етти кун ичида Буюк Британияда 300 мингга яқин касалликка чалиниш ҳолати қайд этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган ҳафта билан таққослаганда 24 фоизга кўп. Ўлим билан боғлиқ ҳолатлар эса 8 фоизга ортган.

Буюк Британияда коронавирусдан жами 73,5 мингдан ортиқ одам вафот этган. Бу борада Британиядан Европа давлатлари орасида фақат Италия олдинда. Шунингдек, мамлакатда аниқланган коронавирус беморларининг сони жами 2,5 миллионга яқинлашди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда сентябрь ойида коронавируснинг янги, юқумлироқ B.1.1.7 штамми аниқланди. Декабрь ўрталарига келиб, Лондондаги касалланиш ҳолатларининг учдан икки қисми вируснинг шу варианти билан боғлиқ бўлиб қолди. 20 декабрдан Британия ҳукумати янги штамм туфайли коронавирусга қарши чекловларни кучайтирди.

Бундан ташқари, Буюк Британия дунёда биринчи бўлиб COVID-19’га қарши AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишга рухсат берди. Мамлакатда оммавий вакцинация 2020 йил 8 декабрда бошланган.