2020 йил бошидан буён Республика товар-хом ашё биржасининг «Avtoraqam.uzex.uz» веб-сайтида 262,6 миллиард сўмлик 106 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 марта, ҳажми бўйича эса 71,2 фоизга ўсган. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 миллион сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3 фоизи жисмоний шахслар, 7,7 фоизи – юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206,7 миллион сўмни ташкил қилгани айтилмоқда.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 30 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5 фоизи – иккинчи, 19,3 фоизи – учинчи, 5,9 фоизи – тўртинчи, 5,4 фоизи – бешинчи ва 5,9 фоизи – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (45,2 фоизи) Фарғона (8,2 фоизи), Самарқанд (8,1 фоизи) ва Наманган (6 фоизи) вилоятларида харид қилинган.
Эслатиб ўтамиз, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.
Маълумот учун, 2019 йилда онлайн аукционлар орқали 156,1 миллиард сўмлик чиройли рақамлар сотилганди.