Андижон вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбари Муҳиддин Қодиров ўзига тегишли бўлган Milano Biznes Servis МЧЖга қарийб 20 миллиард сўмлик қурилишга оид давлат буюртмаларини олгани ҳақида хабар берилганди.
Унда вилоятдаги мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун ўтказилган танлов ва тендерларда шаффофлик таъминланмаганлиги баён этилган.
Андижон вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолатлар вилоят прокуратураси томонидан тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича қўшимча хабар берилиши билдирилган.
Аввалроқ Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизига тегишли компания 2 миллиард сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу борада ўрганишлар ўтказиб, натижалари бўйича ОАВ ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилишини билдиргани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Жиззах вилояти ҳокимининг қизига тегишли компания 1,9 миллиард сўмлик яна бир тендерни ютиб олгани маълум бўлди.
Шунингдек, Жиззах вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Раҳмонқулов Акрам Баҳриддиновичнинг қариндошлари ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини қуриш бўйича бир неча юз миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани аниқланди.
Бундан ташқари, Хоразмда мансабдорлар ўнлаб объектларни тендерсиз бериб юборгани аниқланди. Уларнинг бошқа жиноятлари бўйича ҳам тергов бошланди.
Изоҳ (0)