Сурайё Мажıдова, «Дарё» ёш журналистлар мактаби битирувчиси.
Коронавирусга қарши вакцина ижобий натижалар беришни бошлади. Бироқ сўровлар дунё аҳолисининг жиддий бир қисми эмланишдан бош тортаётганини кўрсатмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари аҳолининг вакцинага бўлган муносабатини таҳлил қилиб чиқди.
Йил давомида ўтказилган бир нечта сўровларга кўра, америкаликларнинг 50 фоизи вакцинани қабул қилиш фикрига содиқ турибди. 25 фоиз аҳоли эса ҳали бир қарорга келгани йўқ. Сўровда қатнашган қора танли аҳолининг 40 фоизи вакцинани қабул қилмаслигини айтган бўлса, атиги 32 фоизи эмлашга розилик билдирмоқчи. Ваҳоланки АҚШда COVID-19 оқибатидаги ўлимларнинг тўртдан бир қисми қора танлиларга тўғри келмоқда. Шунга қарамай, уларнинг аксарияти вакцинанинг хавфсиз ва самарали бўлишига ишонмайди ва уни қабул қилмоқчи эмас.
Калифорнияда кўрсаткичлар янада пастроқ: қора танли одамларнинг 30 фоиздан камроғи эмланишга розилик билдирди. Бунга сабаб қилиб бошқа соҳалардаги каби соғлиқни сақлаш тизимда ҳам доимий юзага келадиган ирқчилик ва таҳқирлаш кўрсатилади.
«Қора танли аҳоли орасидаги вакциналар ва соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончсизлик ўринли, – дейди Тифани Жонсон, UC Devis тиббий марказининг педиатрия бўлими шифокори. – Биз шифокорлар ва тадқиқотчилар бир қадам ортга чекинишимиз керак ва ‘нега қора танлилар бизга ишонмайди?’ дейиш ўрнига ‘биз ишончни қозониш учун нима қилдик?’ деган саволни беришимиз лозим».
Ноябрь ойида Британияда ўтказилган онлайн сўров натижасидан келиб чиқиб JL Partners компанияси вакили Жеймс Жонсон шундай деди:
«Одамларнинг ярмидан кўпи вакцина олиш улар йил давомида эшитган энг яхши янгилик эканини айтди. Кексалар айниқса хурсанд. Аммо бахтиёрлик билан бир қаторда эҳтиёткорлик ҳам бор. Жамоатчиликнинг деярли ярми вакцинанинг хавфсизлигига ишонмаяпти. Одамлар у ҳали тўлиқ синалмаган деган хавотирда».
Daily Mail сўровига кўра, ҳар тўрт британияликнинг уч нафари коронавирус вакцинасини қабул қилмоқчи. Фақат 7 фоиз аҳоли нима бўлган тақдирда ҳам эмланишга қаршилигини айтди.
Араб мамлакатларида ҳам шу каби вазият кузатилмоқда. Жумладан, Кувайт тахминан 5,7 миллион дозада вакцина импорт қилиб, 2,8 миллион аҳолини эмлай олишини маълум қилди. Бу киши бошига икки дозани ташкил қилади. Бироқ маҳаллий Al Qabas агентлигининг хабар беришича, кувайтликларнинг 46 фоизи эмланишдан бош тортмоқчи, 39 фоизи вакцинани қабул қилишга розилигини айтмоқда, 15 фоизи бир тўхтамга келгани йўқ.
Хитойда сўровларнинг 97 фоиз иштирокчиси вакцина қабул қилмоқчилигини айтган бўлса, Россия, Польша ва Венгрияда бу кўрсаткич анча паст.
Сўровларда, шунингдек, вакцина олмайман деганлардан бунинг сабаби сўралди. Унга кўра, глобал миқёсда одамларнинг 56 фоизи ножўя таъсирдан хавотирда, 29 фоизи унинг самарадорлигига ишонмайди, 17 фоизи эса умуман вакцинага қарши.
Вазиятга америкалик экспертлар изоҳ берилди.
«Одамлардаги хавотир ва шубҳаланиш – табиий ҳол. Чунки гап янги вирусга қарши ишлаб чиқилган янги вакцина ҳақида кетяпти, – дейди Вандербильт университетининг вирусли касалликлар бўйича профессори Уильям Шафнер. – Бизга бироз вақт керак. Оммавий эмлаш бир-икки ҳафтада битадиган иш эмас».
«Ҳали бирорта вакцина бутунлай хафвсиз деб тасдиқлангани йўқ. Бундан ташқари, ушбу сўровномаларнинг аксарияти Moderna ва Pfizer вакциналари тайёр бўлишидан олдин ўтказилган», – дея қўшимча қилди Кент универстети эпидемологи Тара Смит.
Аввалроқ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари вакцина билан бирга энди «вакцинага бўлган ишонч»ни ошириш режасини ишлаб чиқаётгани хабар қилинган эди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, янги вакцинадан шубҳаланиш табиий ҳол. Аҳолининг вакцина ҳақидаги фикри ўзгариши мумкин, чунки ҳар куни унинг ижобий натижаси ҳақида сўнгги маълумотлар бериб борилмоқда.
Изоҳ (0)