Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Буюк Британия қироллик адвокати, инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис Жеффри Робертсон ўзбекистонлик собиқ дипломат Қодир Юсуповнинг ҳимоячисига айланди. Бу ҳақда судланувчининг ўғли Бобур Юсуповга таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Қодир Юсупов.

Қодир Юсупов.
Фото: Темур Юсупов

Қодир Юсупов — Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими. У турли йилларда Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Судан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчиси, шунингдек, БМТ ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг доимий вакили сифатида ишлаган.

9 январь куни Ўзбекистон Ҳарбий суди 69 ёшли Қодир Юсуповни Жиноят кодексининг 157-моддаси (Давлатга қарши хиёнат) бўйича айбдор деб топиб, унга 5 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди. У 2018 йилнинг декабрида қўлга олинган. Ҳарбий суд ишни 2019 йилнинг июнидан бошлаб кўриб чиққан. Юсупов ўз айбини тан олмаган.

Бобур Юсуповнинг маълум қилишича, Жеффри Робертсон 10 декабрь куни, Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига шикоят юборган. Шикоятда айтилишича, Ўзбекистон Юсуповни қўлга олиш ва суд жараёнларини ўзининг ички ва халқаро мажбуриятларини бузган ҳолда амалга оширган.

Жеффри Робертсон.

Жеффри Робертсон.
Фото: «Doughtystreet.co.uk»

2018 йилнинг 10 декабрида ҳибсга олинган Қодир Юсупов 3 ой муддатга қамоққа олинган эди. Шунда сўнг, 2019 йилнинг 6 мартида ҳарбий суд томонидан муддат яна 2 ойга, яъни 2019 йилнинг 4 майига қадар узайтирилган. Шикоятда айтилишича, унинг 2019 йил 4 майдан бошлаб 2020 йил 9 январга қадар ҳибсда ушлаб турилиши ноқонуний бўлган. Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 245 ва 247-моддаларига кўра, муддатларни узайтиришга ҳеч қандай юридик асос бўлмаган.

Шикоятда таъкидланишича, Ўзбекистон Инсон ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 9-моддаси бўйича халқаро мажбуриятларини бузган. Пактга кўра, судга қадар ҳибсда ушлаш қоида эмас, балки истисно тариқасида қўлланилиши ва озодликка чиқаришга қарши далиллар умумий ҳамда мавҳум ҳарактерга эга бўлмаслиги лозим.

Юсупов ҳолатида суднинг 2018 йил 12 декабрдаги ҳибсга олиш ва унинг қамоқ муддатини узайтириш тўғрисидаги 2019 йил 6 мартдаги қарори «қамоқда сақлаш муддатини узайтириш зарурати учун етарли асосларни ўз ичига олмаган».

Таъкидланишича, ушбу давр оралиғида ва 2019 йилнинг апрелида биринчи бор адвокати билан учрашгунига қадар Қодир Юсупов «ташқи дунёдан узилиб қолган». Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларациясининг 10 ва 11-моддаларида ташқи дунёдан узиб қўйилган ҳолда ҳибсга олинишга йўл қўйилмайди.

Инсон ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг 9-моддасига кўра, жиноят айблови билан ҳибсга олинган ёки ушланган ҳар бир шахс «оқилона вақт»да суд қилинишга ёки «озод этилиш»га ҳақли. Судда Юсупов устидан ўтказилиши керак бўлган 15 та эшитувнинг олтитаси ҳеч қандай сабабларсиз қолдирилган.

«Шу орқали Юсупов иши бўйича суд жараёнлари асоссиз сурилиб келган, унинг ҳибсга олиниши устидан ҳукм чиқарилгунига қадар самарали текширув ўтказилмаган. Шунингдек, у 100 кундан ортиқ ташқи дунёдан узилган ҳолда ушлаб турилган ва унинг қўлга олинишига етарлича асос бўлмаган», — дейилади шикоятда.

Бундан ташқари, Юсупов самарали юридик ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлган. Аллан Пашковский исмли хусусий адвокат ўз мижози билан тўрт ой давомида шахсан кўриша олмаган. Бундан ташқари, судланувчининг оиласининг таъкидлашича, давлат томонидан тайинланган адвокат Шаҳзод Шарипов Юсуповга нисбатан қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги масалани ҳеч қачон кўтармаган ва оила кейинроқ унинг хизматидан воз кечган. Пашковский ҳимояси остидаги фуқаро билан учрашганида у ташқи дунё билан алоқа қилмасдан ҳибсда бўлган психологик қийноқлар тўғрисида айтган.

Қодир Юсуповнинг иши ёпиқ судда кўриб чиқилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг тан олишича, судлар одоб-ахлоқ, жамоат тартиби ёки миллий хавфсизлик сабаблари бўйича жамоатчиликни тўлиқ ёки қисман суд жараёнларидан чиқариб ташлаш ҳуқуқига эга. Юсупов ҳолатида «расмийлар нима сабабдан суд махфий қолиши кераклиги бўйича тушунтириш бермаган».

Шикоятда Юсуповнинг адолатли суд ишларини юритишда бошқа ҳуқуқларининг бузилгани ҳам санаб ўтилган: мустақил судьяларнинг йўқлиги (унинг ҳибсга олиниши қонунлийлигини текширишдан бош тортган ва айбланувчига нисбатан қийноқлар қўлланилганини кўриб чиқишни рад этганлар), томонларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципининг бузилиши (айбланувчига гувоҳларини чақириш ҳуқуқи берилмаган ва адвокат айбланувчининг иккита асосий гувоҳини сўроқ қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган) ва айбсизлик презумпциясини бузиш (Юсупов суд олдида қафасда пайдо бўлган).

Адвокат Жеффри Робертсон онлайн-форматда ўтказилган матбуот анжуманида Қодир Юсупов яқинда эълон қилинган афвга лойиқ бўлганини таъкидлаган. Шунингдек, у БМТ ишчи гуруҳидан Европа Иттифоқи декабрь бошида «Магницкий акти»нинг муқобилини тасдиқлаганига эътибор қаратишни сўраган.

«Умид қиламанки, бу иш биринчилардан бўлиб Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига қарши янги ваколатлари эътиборини тортади. Қодир Юсуповнинг ҳуқуқи бузилган ва ушбу петиция бунга айрим далилларни келтира олишига умид қиламан», — дейди адвокат.

Эслатиб ўтамиз, ТИВнинг собиқ амалдори, Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) вакили лавозимида ишлаган Қодир Юсуповга қарши 2018 йилнинг 1 декабрида ДХХ томонидан давлатга хоинлик қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. 23 май куни иш кўриб чиқиш учун Ҳарбий судга тақдим этилган.

67 ёшли собиқ дипломат 2018 йил 3 декабрь куни Тошкент метрополитенининг «Пушкин» метро бекатидаги темир йўл рельсига йиқилиб тушгач, шифохонага ётқизилганди. Шундан сўнг у шифохонадан ДХХ тергов бошқармаси қамоқхонасига ўтказилган.

Унга нисбатан ҳибсга олингандан буён руҳий қийноқлар қўлланилаётгани, зарур дори воситаларидан маҳрум этилгани ҳамда оиласи кузатув остида экани ва тазйиқларга учраётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Human Rights Watch ташкилоти 12 июнь куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматини зудлик билан Қодир Юсуповни озод қилиш, шунингдек, у билан ноқонуний муомалада бўлишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Бош прокуратура Қодир Юсуповга қийноқлар қўлланилганини рад этган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар