Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони – 34 йилдан буён кулолчилик қилиб  келаётган Тоҳиржон Ҳайдаров.

Тоҳиржон Ҳайдаров 59 ёшда. Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган. 2016 йилда хусусий уй музейини ташкил қилган. 34 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланиб келмоқда.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Карикатурачиликдан кулолликкача

Менда ҳеч қачон келажакда кулол бўламан, деган ният бўлмаган. Шунчаки расм чизишни яхши кўрардим. Кўп йиллар туманимиздаги кутубхонада рассом бўлиб ишлаганман. Кейинроқ «Муштум» журналининг Фарғонадаги мухбири сифатида фаолият юритганман. У пайтлар журнални ҳамма биларди, ўқирди. Нашр учун сиёсий ҳажвий расмлар, карикатуралар чизиб берардим.

Кейинроқ кулолчиликка қизиқиб қолиб, 26 ёшимда илк асаримни яратганман. Мана ўша кунларга ҳам 34 йил бўлибди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Ҳунарманд бир кунда машҳур бўлиб қолмайди

Кулолчилик, рассомлик йўналишларидаги ижодкор йиллар давомида асарлар яратиб танилади. Мисол учун, бир йилда минглаб рассом олийгоҳни битираркан. Ҳар йили ҳеч йўқ битта рассом танилиб чиқмаяпти-ку.

Қачон ҳунарманд машҳур бўлади? Қачонки янгилик яратса... Мен ҳам ўзимга хос услуб яратдим. Игнада миниатюра чизишни бошладим.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Битта асарни яратиш учун йиллаб вақт кетади

Юқорида айтганимдек, ҳар бир эпизод игнада чизилади. Битта асар такрор яратилмайди. Шу боис ғоя учун баъзан йиллаб вақт керак бўлади. Масалан, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номли асаримни яратиш учун тўққиз ой вақтим кетган. Расмни чизиб қўйганман, лекин шоҳ ва шоирга мос шакл тополмай юраверганман.

Битта асар яратиш учун баъзан 4-5 нусхасини тайёрлаймиз, лекин тандирдан бутун чиқади. Четлари пичоқ билан кесилгани учун айримлари салга кўчиб кетади. Хуллас, сиз кўриб турган чиройли ишлар ортида анчагина машаққатли меҳнат бор.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

3 минг долларга сотилмаган асар

Шундай вақтлар бўлади, кутилмаганда ўз-ўзидан санъат асари яралиб қолади. Ижодкор уни истаса ҳам қайта яратолмайди. Менда ҳам шундай асар бор. Тўрт унсур уйғунлашгандай тандирдан ранглари оқиб чиқиб қолган.

Ҳозир қанча ҳаракат қилсак ҳам шунақасини яратолмаяпмиз. Ўша асаримни 3 минг долларга сотиб олмоқчи бўлишган. Аммо мен рози бўлмаганман.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Кўнглимни хотиржам қилган асар

Наздимда, Аллоҳ ўзининг гўзаллигини кўрсатиш учун ижодкорларга изн бериб қўйган. Биз элчимиз холос. Қобилиятни ҳам, илҳомни ҳам Ўзи беради.

Шу кунгача кўп кулолчилик асарларини яратдим. Лекин менга энг ёққани — Қуръони Каримда зикр этилган пайғамбарлар шажарасини чизганим бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобидан ўқиб, тегишли инсонлардан рухсат олиб, шу асарни яратдим.

Биласизми, қалбимда бир доғ бор эди. Лекин шу асарни яратганимдан кейин ўша доғ кетди, кўнглим хотиржам бўлдим.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Президентлар учун тайёрланган асарлар ҳақида

2016 йилда асарларим Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитига келган президентларга совға сифатида берилгани унутилмас воқеа бўлган.

Адашмасам, март ойи эди. Вилоят ҳокимлигидан одамлар келиб, Ислом Каримов ШҲТ саммитидан кейин меҳмонларга кулолчилик асарларини бермоқчилигини ва совғани тайёрлаш учун мени танлаб олишганини айтди.

Асарларни яратиш учун менга барча шароитларни яратиб беришларини, фақат бу ишни қилаётганимни ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларимга ҳам айтмаслигимни тайинлашди.

Кейинроқ билсам, бундай совға бериш Ислом Каримовнинг ғоялари бўлган экан. Шунинг учун қаттиқ сир сақланган.

Хуллас, лаганлар учун буюк шахсларнинг иқтибосларини олиб келишди. Масалан, Тожикистон президентига Саъдийнинг, Путинга Лев Толстойнинг сўзлари ёзилиши, яъни ҳар бир президентга алоҳида иш қилиниши керак эди. Апрелда 13 хил дизайндаги ишларни тайёрлаб, Тошкентга жўнатдик.

9 май куни улар ҳаракатни бошлашимни айтиб, 12 та тасдиқланган асарнинг расмларини бериб кетди. Ишни бошладик. Бир ой давомида умумий ҳисобда игнада чизилган 60 та лаганни тайёрлаб жўнатдик.

Очиғини айтсам, 18 июнь куни лаганларни олиб кетишганидан сўнг тўрт кун ухламаганман. Ясаганларим Ислом Каримовга ёқадими? Кенгашда битта Президент эмас, академия раҳбари, яна бир қанча «каттакон»лар кўриб чиқади. Бирортаси йўқ, деса нима бўлади, деб хавотир олиб, ўзимга келолмаганман.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Худога шукр, ҳаммаси яхши ўтган экан

ШҲТдаги концертдан сўнг Биринчи Президентимиз республика номидан барча давлат раҳбарларига лаганларни совға тариқасида топширган. Айтишларича, ҳар бир президентга берганида улар шунчаки олиб қўйиб қўймаган. Айримлари «ух» деб юборган, баъзилари нимада чизилган, деб сўраган экан.

Ислом Каримов игнада деганларида Хитой президенти Си Цзиньпин «Бизда ҳам кулолчилик ривожланган, лекин бунақаси бизда ҳам йўқ», деб айтган экан. Бу бизнинг санъатимизга берилган катта баҳо эди.

28 июнь куни худди ўша йигитлар ва имом хатиб ўринбосари келиб, машинадан кулиб тушишди. Хурсанд бўлиб, қучоқлашиб кўришишди. Бир йигит сўрига ўтириб, «Тоҳир ака, биласизми, сизнинг ютуғингиз нимада? Ютуғингиз Ўзбекистонда туғилганингиз, Ўзбекистоннинг ютуғи сиз шу ерда туғилганингиз», деб айтган эди. Бу мен учун ҳаётимдаги энг катта эътироф бўлган.

Биласизми, шу воқеадан кейин ватанга кераклигимни ҳис қилдим. Ўзимга нисбатан ишончим ортди. Шижоатим кўтарилди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Бир мунча вақт ўтиб, мукофот сифатида катта оқ сумкада пул ташлаб кетишди. Ўша пайтда у пулга битта машина берарди. Лекин мен у пулга музейим учун ҳожатхона қурганман.

2016 йил 2 сентябрда уй-музейим очилиши керак эди. Аммо ўша куни Президентимизни сўнгги йўлга кузатишга олиб кетишди. Мен борган жойда саноқли одам бор эди.

Энг ҳайрон қолганим — ўша ерда бирорта санъаткор халқини кўрмадим. У ерга келганларнинг ҳаммаси қора меҳнати билан Ўзбекистонга хизмат қилганлар эди. Санъаткорлар орадан 3-4 кун ўтганидан кейин келган.

Фото: Тоҳиржон Ҳайдаров архивидан

Фото: Тоҳиржон Ҳайдаров архивидан

Ўзим очган жойга ишга олишмади

Депутатлик пайтимда ташаббусим билан Фарғона давлат университетида санъатшунослик факультети очилди. Аммо у ерга ўзимни ишга олишмади. Дарс беришим учун магистратурани битирган бўлишим керак экан. Очиғи, мен учун ортиқча иш, керак ҳам эмас. Майли, деб индамай қўявердим.

Ижодкор халқининг бойини кўрганмисиз?

Кулолчиликда чинничилар бой бўлади. Улар ижод қилмайди, тайёрини сотиб олади. Россия, Европага экспорт қилади. Шундан миллионлаб пул топади. Аммо кулоллар...

Ўзи бу азалдан қолган қадрият. Бирор ижодкор тириклигида бой бўлганини кўрганмисиз? Аксарияти рўшнолик кўрмай ўтиб кетган. Мисол учун, Муҳаммад Юсуф. Ҳаётлигида қанча қийинчилик кўрган. Да Винчи-чи? Қанча босимлар ичида яшаган. Ҳозир эса битта асарининг ўзи миллион долларга сотилади. Ҳаёт шунақа.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Мен ҳам чинничилик қилиб, кўп пул топсам бўларди, лекин хоҳламадим

Битта нон эмас, яримта нон едим, бир кило эмас, ярим кило гўшт едим. Аллоҳ топганларимга барака берди, оиламдан орттириб, республикада биринчи бўлиб хусусий музейимни очдим. Кутубхона ташкил қилдим. Бу китобларни сотиб олиш учун қанча пул кетган.

Музейимни гаровга қўйсам, имтиёзли фоизларда 2,5 миллиард сўм кредит беришлари мумкин экан, аммо керак эмас.

Уйим-жойим, машинам бор. Учта қиз чиқардим, ўғлимни уйладим. Невараларимга тўй қилдим. Ҳаммасини шу тупроқдан яратиб, ҳалол меҳнатим билан эришдим. Ҳозирги ҳаётимдан мамнунман.

Агар қўлимга каттароқ пул тушса, фақат музейимни, кутубхонамни кенгайтираман. Мақсадим — санъатимни давом эттириш.

Фото: Тоҳиржон Ҳайдаров архивидан

Фото: Тоҳиржон Ҳайдаров архивидан

Тан олишимиз керак, биз санъатни тушунмаймиз

95 фоиз ишларимиз чет элга кетади. Тўғри, маҳаллий харидорлар ҳам сотиб олади, лекин кам. Тан олишимиз керак, биз санъатни тушунмаймиз. Одамларда қачон санъатга меҳр ошади, қачонки қорни тўқ бўлса...

Қорин ғами кетганидан кейин эстетик завқ олишни бошлаймиз. Қорин тўйгандан кейингина «битта ашула айт, эшитайлик» дейишади-ку.

Ҳаёт ҳам зиналардан иборат. Хорижликлар ўша зинанинг юқорисига чиқиб бўлган. Биз у даражага чиққунимизча ҳали 50 йил бор.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Аввалги соядаги одамлар:

«Мусулмонлигимдан мамнун эмасман. Мамнун бўлиб қолишликдан ҳам қўрқаман». Имом Рустамжон домла ҳикояси

«Дадам салонда стилистлик қилаётганимни билмайди». Стилист йигит ҳикояси

Эркакнинг «юриб кетиши»га аёлнинг ўзи сабабчи бўлади — Пардозчи қиз ҳикояси

Бозорчи аёллар аёл эмасми? Бозорчи аёл ҳикояси

«Аравакашлик қилиб, қизимни ТошМИда ўқитдим». Аравакаш амаки ҳикояси

«Мусорга ташлаб юборилган 34 миллион сўмни топиб берганман». Чиқинди йиғувчи амаки ҳикояси

«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси

«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси

«Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!» Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпионининг ҳикояси

«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси

«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси

«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси

Изоҳ
Асосий янгиликлар