Коронавирусга қарши вакциналарни олиш бўйича халқаро механизм COVAX муваффақиятсизликка учраса, паст даромадли мамлакатлар камида 2024 йилгача вакцинасиз қолиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан бирга COVAX дастурини амалга ошираётган Вакциналар ва эмлаш бўйича халқаро альянснинг ички ҳужжатларига таяниб, Reuters хабар берди.

Фото: EPA

Қайд этилишича, механизм аллақачон маблағ етишмаслиги муаммосига, етказиб беришнинг барбод бўлиш хавфига ва COVAX иштирокчилари учун мураккаб келишув шартларига дуч келган.

«COVAX механизмининг муваффақиятсизликка учраш хавфи юқори», — дейилади альянс бошқаруви ҳисоботида. Мазкур ҳисобот бошқа ҳужжатлар қаторида альянснинг 15—17 декабрь кунлари ўтказилаётган директорлар кенгашида муҳокама қилинмоқда. Ҳужжатда қайд этилишича, хавфнинг юқори даражаси дастурни амалга оширишнинг қисқа муддати ва зарур тажрибанинг етишмаслиги билан боғлиқ.

Альянс томонидан агентликка маълум қилинишича, «бундай кенг миқёсли дастурга боғлиқ хатарларни баҳоламаслик ва уларни камайтириш учун сиёсат ва воситалар ишлаб чиқмаслик масъулиятсизлик бўлади».

COVAX ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришни қўллаб-қувватлаш ва марказлашган харидларни амалга ошириш бўйича механизм ҳисобланади. Ҳозирги пайтга қадар мазкур ташаббусга 180 дан ортиқ давлат қўшилган. Дастур шартларига кўра, даромад даражаси юқори бўлган давлатлар вакциналар хариди учун пул тўлайди ва шу тариқа бу соҳадаги молиялаштириладиган давлатларга субсидия беради. Режаларга кўра, мазкур механизм доирасида 2021 йилнинг охирига қадар бутун дунё бўйича 2 миллиард доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва тенглик асосида тақсимланиши керак.