Буюк Британияда аниқланган COVID-19’нинг янги тури тез тарқалиш хусусиятига эга, лекин хавфлилик даражаси юқори эмас. Бу ҳақда Sky News’га COVID-19 бўйича ЖССТнинг махсус вакили Дэвид Набарро маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: Reuters

«Вируснинг ушбу тури юқувчан, лекин хавфли бўлиб кўринмаяпти», — деган у, шунингдек, «Маълумотлар бу Буюк Британияда вирусга қарши курашнинг устувор йўналишларини тубдан ўзгартирмаслигини кўрсатмоқда», — деб таъкидлаган.

Шу билан бирга, Набарро жамоатчиликни мавжуд вазиятда ҳушёр бўлишга чақирган.

Куни кеча, 14 декабрь куни мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок мутахассислар ушбу тур билан касалланишнинг мингдан ортиқ ҳолатини аниқлаганини, бу Буюк Британиянинг жануби-шарқида касалликнинг тез тарқалиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган. Вазир Лондон коронавируснинг янги тури аниқлангани ҳақида ЖССТни огоҳлантирганини қўшимча қилган.

Буюк Британияда пандемия бошидан буён 1,8 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалингани қайд этилган, уларнинг 64,1 минг нафари вафот этган. Сўнгги вақтларда мамлакатда пандемияга қарши чекловлар кучайтирилмоқда. Хусусан, Лондон ва мамлакат  жануби-шарқидаги бир қатор шаҳарларда 16 декабрдан бошлаб барлар, паблар, кафе ва ресторанлар ёпилади. Улар фақат буюртма асосида етказиб бериши ёки мизожларнинг ўзи олиб кетиши орқали ишлаши мумкин.