Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

7 декабрдан 13 декабргача бўлган бир ҳафта ичида дунё бўйича яна 4,3 миллион киши коронавирусга чалинди, деб ёзади «РБК» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг эпидемиологик бюллетенига таяниб.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Бу пандемия бошидан буён кузатилган энг катта кўрсаткичдир. Бир ҳафталик максимум бундан аввал 16—22 ноябрь даврида қайд этилган эди. Ўшанда дунёда 4 миллионта касалланиш ҳолати аниқланган эди.

Янги юқтириб олиш ҳолатларининг деярли ярми — 2 миллионтаси Шимолий ва Жанубий Америка ҳиссасига тўғри келди. Бир ҳафта ичидаги энг кўп касалланганлар АҚШда қайд этилди — 1,45 миллион киши. Бу ўтган ҳафтадан 16 фоизга кўп демакдир.

Ҳафталик ўсиш бўйича етакчи мамлакатлар бешлигига қуйидагилар ҳам кирди:

  • Бразилия — 300 нафар янги бемор (ўтган ҳафтага нисбатан ўсиш 2 фоиз);
  • Туркия — 220 минг киши (ўтган ҳафтага нисбатан ўзгаришсиз);
  • Ҳиндистон — 210 минг киши (пасайиш 15 фоиз);
  • Россия — 193 минг киши (ўсиш 1 фоиз).
Ўтган ҳафта давомида беморларнинг 75 минг нафари вафот этган. Бу вақт ичидаги энг кўп ўлим ҳолатлари Европада кузатилди — 34,4 мингта. Италияда коронавирусга чалинганларнинг 4,5 минг нафари, Россияда 3,8 минг нафари вафот этди. Бир ҳафта ичидаги 3 мингдан ортиқ қурбон Германия ва Буюк Британияда ҳам қайд этилди.

Бу даврда Шимолий ва Жанубий Америка ҳиссасига 29,8 мингта ўлим тўғри келди. АҚШда бир ҳафтада 16,6 минг, Бразилия ва Мексикада — ҳар биттасида 4 мингдан ортиқ киши коронавирусдан вафот этди.

ЖССТ маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён дунё бўйича 70,4 миллиондан зиёд киши коронавирусни юқтириб олди, 1,6 миллион киши касалликдан вафот этди. Жонс Ҳопкинс университети йиғма статистикаси бўйича эса бу кўрсаткичлар юқорироқ — 73,2 миллион нафар бемор ва 1,63 миллионта ўлим.

Аввалроқ COVID-19 бўйича ЖССТнинг махсус вакили Дэвид Набарро Буюк Британияда аниқланган COVID-19’нинг янги тури тез тарқалиш хусусиятига эга, лекин хавфлилик даражаси юқори эмаслигини маълум қилган эди. Шу билан бирга, Набарро жамоатчиликни мавжуд вазиятда ҳушёр бўлишга чақирган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Туркияда зилзила қурбонлари сони 3 мингга яқинлашди, янги силкинишлар қайд этилди
Шоу-бизнес
Голливуднинг ҳар қандай ролни маромига етказиб ижо этадиган актёр ва актрисалари (фото) 
Маҳаллий
Намангандаги уйда газ портлаб, 4 киши тан жароҳати олди