«Лиза» аёллар журнали кичик тадқиқот ўтказиб, эркаклар ва ҳатто баъзи аёлларга ҳам ёқмайдиган атирлар рўйхатини тузди. 6 хил атирни ўз ичига олган ушбу рўйхат билан танишиш келажакда қандайдир муносабатларнинг йўққа чиқиши ёки айрим учрашувларнинг барбод бўлишининг олдини олиши мумкин.

Фото: «Лиса»

J’adore Christian Dior

J’adore Christian Dior — 1999 йилги гул-мевали хушбўй ифор бўлиб, 2007 йилда реклама компаниясининг видеоси туфайли асосий парфюмерия — FiFi Awards’нинг мукофотига сазовор бўлган. Албатта, Шарлиз Терон ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ эди. Аммо ажойиб флакон ичидаги ифорни ёқтирадиганларга қараганда уни хушламайдиганлар кўпроқ бўлган. Нок, қовун, шафтоли, жасмин, фрезия ва тубероза композициясини кўпчилик сув юзасида сузиб юрувчи гулга ўхшатади.

Intense Cafe Montale

Қизлар ташқи кўринишидан тортиб то хушбўйлантирувчи воситаларига бееътибор бўлмаганидек, эркаклар ҳам бу борада улардан қолишмайди. Лекин ҳаддан ташқари ўткир ёки дарҳол буринга урилувчи ифор суҳбатдошни бир оз узоқлаштириши мумкин. Intense Cafe’нинг 2013 йилда чиқарилган версиясида қаҳва ва атиргулдан ташкил топган композиция мақтовга сазовор. Аммо ўта оғир ҳид бош оғриғига сабаб бўлиши эса унинг асосий камчилиги бўлиб қолмоқда.

Crystal Noir Versache

Crystal Noir Versache — 2004 йилда ишлаб чиқарилган пионгул, занжабил, кокос ва сандал дарахти ҳидларининг бирлашмасидир. Ушбу машҳур атир ўз навбатида маълум бир дид вакиллари томонидан яхши қабул қилинган бўлса-да, аксарият одамлар антиқа савол билан мурожаат қилади. Масалан, кокос ёнғоғи чанги, қалампир ёки оддий гул ҳидига тахмин қилинса, яна кимдир бу борада бодринг ҳиди келишини маълум қилган.

Фото: «Лиса»

Eclat d’Arpege Lanvin

2002 йилда сотувга чиқарилган Lanvin Eclat d’Arpege шафтоли, чой, настарин ва мушкдан ташкил топиб, ушбу композиция минглаб қиз ва аёлларни ўзига мафтун этган эди. Кейинчалик унинг камчилиги ҳам намоён бўлган. Ифорнинг жуда ширинлиги узоқ вақт сақланиб туради ва ундан фойдаланганларнинг фикрича, бу бош оғриғи келиб чиқишга сабаб бўлади.

D&G Anthology L’Imperatrice 3

Дастлаб тарвуз, жасмин ва пушти қалампирдан олинган хушбўй ифор барчага маъқул келгандек эди. Аммо бир оздан сўнг айнан ушбу ифор мухлислари томонидан бор ҳақиқатлар маълум қилинди. Унга кўра, атирнинг ҳиди жуда тез таъсир қилади ва безовталикни уйғотади. Машҳур атир ҳақида ўта ширин, мева компоти ёки ҳаво спрейига ўхшаш каби таърифлар ҳам пайдо бўлди.

Chanel No 5 Eau de Parfum

Chanel No 5 Eau de Parfum Жак Польж томонидан 1986 йилда яратилган ҳақиқий классика. Хўш, ушбу ифорнинг нима айби бўлиши мумкин? Унинг ҳидидан баҳраманд бўлганларнинг фикрича, инсондан таралиб турувчи ифор ёқимлилигидан атрофдагиларни ўзига тортиши керак бўлса, ушбу атир аксинча. Ҳаттоки у ақлдан оздириши ҳам мумкин.