28 ноябрь куни Урганч шаҳридаги студиядан бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Унда ҳукумат комиссияси аъзолари, вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари жалб этилган ҳолда инвестиция ва экспортнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Муҳокама қилиш чоғида вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг саноат ва ҳудудлар кесимида инвестиция ва экспорт фаолиятини кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботлари тингланган

Таъкидланишича, тадбиркор ва экспортчилар бугунги кунда мавжуд инвестиция ва экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи бир қатор тизимли ва хусусий тусга эга муаммоларга дуч келаётгани аниқланган. Ишбилармонларни самарали қўллаб-қувватлаш тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида корхоналарга чиққан ҳолда тадбиркор ва экспортчилар билан бевосита ишлаш зарурлиги таъкидланган. Шу муносабат билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда тижорат банкларининг ходимларини ҳудудларга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган. Уларнинг вазифалари этиб тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва уларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун янги захира ва имкониятларни аниқлаш белгиланган.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

«Тадбирда инвестиция ва ташқи савдо фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи алоҳида омиллар ҳам атрофлича ўрганилиб, тегишли раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилди. Хусусан, экспортчи корхоналарга газ ва электр энергиясини узлуксиз етказиб беришни таъминлашга қаратилган тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича аниқ топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.

Тадбирда экспортчиларга молиявий ёрдам кўрсатишда тижорат банклари етарли даражада фаол эмаслиги ҳам қайд этилган — биргина ўтган ҳафтада республика экспортчиларини қўллаб-қувватлаш штабига жами 85 миллиард сўм миқдорида экспортолди молиялаштириш маблағларини ажратишда кўмаклашиш учун 25 та ариза келиб тушган. Шу муносабат билан тижорат банклари раҳбарларининг эътибори тадбиркорлар ва экспортчиларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан фаол ишлаш зарурлигига қаратилган.

Видеоселектор йиғилиши давомида берилган кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимият ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг шахсий масъулияти ҳам белгиланган Ўзбекистон Бош прокуратураси топшириқлар ижросининг доимий мониторингини олиб боради.

Аввалроқ Ўзбекистондаги цемент заводлари электр таъминотидан узилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди. Кейинроқ Энергетика вазирлиги ушбу хабарлар асоссиз эканлигини маълум қилган.