Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг қайд этишича, сўнгги уч ярим йил ичида Қашқадарёда бирор соҳада бирорта вазир, бирорта бош вазир ўринбосари тизимли натижа кўрсатмаган.

«Ҳамма туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари бир хил ишламаяпти, кўпи ишлашни хоҳламайди. Мана шу савол бугун ҳаммани қийнаши керак. Қашқадарёда, минг афсуски, натижа мутлақо йўқ. Йўлда ҳам йўқ, сувда ҳам йўқ, йўлнинг сифати ҳам йўқ. Илм йўқ қишлоқ хўжалигида, ҳосилдорлик йўқ, пахтанинг нави йўқ», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Қашқадарё мисолида 2021 йилда янги тизимга ўтиш керак.

«Нима ҳаққи бор вазирнинг Тошкентда ўтиришига? Мен ҳар сафар айтаман, вазир ҳафтада икки кун Тошкентда ўтириши мумкин. Қолган вақтда вилоятда бўлиши керак, Ўзбекистон вазири-ку у», — дея таъкидлади Президент.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти туманларидаги банкларга нисбатан аҳолининг эътирозлари жуда кўп. Шу сабабли давлат раҳбари туман банклари аҳолига ўз фаолияти бўйича ҳисобот бериши зарурлигини айтди.

Шавкат Мирзиёев бош вазирга ва вазирларга Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда ҳисобот қабул қилиш ва бу ҳақда давлат раҳбарига маълумот бериш юзасидан топшириқ берди. Президентнинг сўзларига кўра, вазирнинг, ҳоким ўринбосарларининг қилган ишига қараб ҳар чоракда кимни ишдан олиш, кимни рағбатлантириш ҳақида қарор қабул қилинади.

«Ҳар бир хонадонда 20 сотих ер бўла туриб камбағал яшаш дунёда йўқ. Жуда катта имкониятлар мавжуд. Қашқадарёдаги 3 миллион 300 мингдан кўп аҳолимиз давлат раҳбарининг хавотири, давлат раҳбарининг кўмагини сезиши керак. Ё ҳозир, ё ҳеч қачон. Халқ давлат борлигига ишониши керак», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.