AstraZeneca компанияси Оксфорд университети билан ҳамкорликда яратилаётган коронавирусга қарши АZD1222 вакцинасининг самарадорлиги 70 фоизга тенглигини маълум қилди.

Фото: DW

Таъкидланишича, AstraZeneca компанияси ўзи томонидан яратилган вакцинадан фойдаланишга рухсат берилса, 2021 йилда 3 миллиард доза вакцина ишлаб чиқаришга тайёр.

Вакцина самарадорлигига оид пресс-релизда қайд этилишича, AstraZeneca томонидан яратилган вакцинани Цельсий бўйича 2-8 даражада сақлаш ва уни етказиб бериш мумкин, вакцинация жараёни эса алоҳида шароитларни талаб қилмайди.

Аввалроқ АҚШнинг Pfizer компанияси Германиянинг BioNTech компанияси билан биргаликда ишлаб чиқарилган COVID-19’га қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоизни ташкил этишини маълум қилганди. Компания маълумотларига кўра, вакцина синовда қатнашаётган кишининг ёши, ирқи ва миллатидан қатъи назар, самарали бўлган. Дастлабки синов натижалари 90 фоиз самарадорликни кўрсатган.

Шунингдек, ноябрь ойида Американинг Moderna компанияси ўзининг янги коронавирусга қарши вакцинаси синовларнинг учинчи босқичида 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатгани ҳақида хабар берди. Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқарувчилар эса ўзларининг вакцинаси самарадорлигини 92 фоизга баҳолади.