Фарғона вилоятининг Қува туманида яшовчи ота икки нафар фарзандига тўланиши лозим бўлган алимент ўрнига турмуш ўртоғига Spark ҳадя қилди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2016 йил 27 майдаги қарорига кўра, қарздор Т.Т.дан ундирувчи М.Т. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган.

2020 йилнинг март ойига қадар бўлим давлат ижрочилари томонидан Т.Т.дан алимент пуллари тўлиқ ундириб келинган. Т.Т. охирги саккиз ойда алимент пулидан 4 миллион 100 минг сўм қарздор бўлиб қолгач фарзандлари вояга етгунга қадар ҳисобланган 50 миллион сўм алимент пули ўрнига турмуш ўртоғига Spark автомашинасини берган. М.Т.нинг аризасига асосан мазкур ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ нукуслик ота уч нафар фарзанди учун алимент ўрнига уй ҳадя қилгани ҳақида хабар берилганди.