Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

20 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон–АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати. АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳам жой олган.

Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинган. Кўп қиррали Ўзбекистон—АҚШ ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинган.

Икки томон ҳам ҳамкорликнинг жорий динамикасини сақлаб қолишга, қўшма кун тартибининг барча масалалари бўйича яқин ва мунтазам мулоқотда бўлишга, стратегик шерикликнинг шартнома-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қизиқиш билдирилган.

Таъкидланишича, АҚШ томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, республика ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаларига юқори баҳо берган.

«Америка  Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ютуқларни эътироф этди ва Ўзбекистоннинг 2021—2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилди», — дейилади хабарда.

Америка томонига БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясида Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббусларнинг концептуал аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

«C5+1» шаклининг минтақавий ҳамкорликни илгари суришда ва биргаликдаги ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутиши эътироф этилган.. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёнинг глобал транспорт ва транзит коридорларига чуқур интегратиялашувини таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергитика соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий чораларни кучайтириш масалалари алоҳида ажратиб кўрсатилди.

«Ўзбекистон–АҚШ–Афғонистон» уч томонлама шакли доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва интеграция жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширувчи инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мазкур мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.

Музокаралар якунлари бўйича йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар шаклини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган. «Мулоқотнинг таъсис йиғилишини 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Абдулазиз Комилов Вашингтонда Пентагон раҳбари вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашгани тўғрисида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар