ЎзА томонидан коронавирус касаллигидан азият чеккан оила ҳақида видеолавҳа тайёрланган эди. Унда Шоҳиста Абдумавлонованинг ўғли билан коронавирусга қарши курашиш таассуротлари баён этилган.
Видеолавҳада болакай спортга қизиқишини ҳам айтиб ўтган эди. Болакайнинг айтишича, у велосипед олиш учун йиғиб қўйган пулларини дори-дармонга ишлатишга мажбур бўлган.
Ушбу видеолавҳага олиб чиқилган оила Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг эътиборига тушган. Шу сабаб вазирлик номидан болакайга велосипед совға қилинди.
Шунингдек, вазирлик вакиллари боланинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда уни келгусида Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қабул қилишни ваъда берди.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга уч хонали уй совға қилгани ҳақида хабар берилганди.