Бангладешдан қарийб 900 нафар меҳнат мигранти Қаршидаги инжиниринг компаниясига олиб келиниши тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг маълум қилишча, вазирлик бангладешликларга Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини бермаган.
Хабарларга кўра, бангладешлик 239 нафар ишчини олиб келган биринчи самолёт Ўзбекистонга қўнган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Нодир Тилаволдиев ва Дониёр Ғаниев ҳолатга эътибор қаратиб, «Россиядан қайтган қоракўз мигрантларимиз иш топишга қийналиб юрган бир пайтда шунча бангладешликларнинг Ўзбекистонга келиб, ўзимизникиларнинг ризқини қирқиш қанчалик тўғри бўларкан?» дея фикр билдирганди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 15 октябрдаги қарори билан «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Uzbekistan GTL масъулияти чекланган жамиятига буюртмалари асосида хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда жалб қилишига рухсат берилган.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги қарорига мувофиқ хорижий фуқаролар Ўзбекистон ҳудудида ишлаш учун тасдиқномалар олиши белгиланган. Қарорга кўра, иш берувчи чет эл фуқаросига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим.
«Лекин шу кунгача ‘Ўзбекнефтегаз’ АЖ, Uzbekistan GTL ёки лойиҳа бош пудратчиси, Enter Engineering Pte. Ltd. компанияси мазкур тасдиқномани олиш учун мурожаат қилмаган», — дейилади хабарда.
Вазирлик «Ўзбекнефтегаз» АЖ ва Enter Engineering Pte. Ltd. компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан Шўртан газ-кимё комплексининг метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида тегишли маълумотлар бўйича сўров юборган.
Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида талаб қилинадиган бўш иш ўринларига маҳаллий ишсиз аҳолини жалб этиш, уларнинг малака даражаси етарли бўлмаганда бепул касбий ўқув курсларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдиради.