ЙҲХББ Жиззах вилояти Фориш туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларидан бирининг тафсилотлари ҳақида маълум қилди.
Бошқарма ахборот хизмати Telegram’да эълон қилган видеога кўра, Жиззах вилояти Фориш туманида 1993 йилда туғилган С.К. ўз бошқарувидаги Nexia’да туманнинг «Ёшлик» маҳалласида яшовчи 1977 йилда туғилган Ж.С.ни уриб юборган. Шифокорларнинг тахминига кўра, жабрланувчи спиртли ичимлик ичган ва маст ҳолатда бўлган.
Ж.С. авариядан кейин касалхонага олиб борилган, бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, у ерда ҳаётдан кўз юмган.
«Суриштирувларда Ж.С.нинг онаси билан бирга Фориш туманида яшовчи қариндошининг уйига тўйга келгани, воқеа жойидан 200-250 метр масофа узоқликдаги тўйхонадан чиқиб, мақсадсиз қоронғи йўлга чиқиб қолгани аниқланди», – дея ҳодиса ҳақида дастлабки маълумотларни берган Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ҳусан Холқўзиев.
Шунингдек, видеолавҳада ИИБ вакили ҳайдовчини сўроққа тутиб, воқеа қандай содир бўлгани ва қандай тезликда ҳаракатлангани ҳақида сўраган.
Ҳайдовчининг сўзларига кўра, у тунда ҳаракатланиб келаётган вақтида қарама-қарши йўналишдан машина келиб қолган ва чироқларнинг кўзига тушиши оқибатида С.К. тўсатдан йўлга чиққан пиёдани кўрмаган.
«Йўл ёритилмаган, устунларда чироқлар йўқ, йўлнинг қатнов қисми текис. Ён атрофда аҳоли хонадонлари камлиги туфайли кўчага чироқлар ўрнатиш ҳозирча режалаштирилмаган», – дея ҳодиса содир бўлган йўлинг шароитига эътибор қаратган Ҳусан Холқўзиев.
Жиззах вилоятида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлмоқда. Жумладан, октябрь ойида Зарбдор туманида «Жигули» эшак аравани уриб юбориши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, Ғаллаорол туманида икки Nexia иштирокида содир бўлган тўқнашув оқибатида икки киши вафот этгани, шунингдек ушбу туман ҳудудида ёритиш чироқларисиз ҳаракатланган Cobalt юк машинасига урилиши йўловчилардан бирининг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабарлар берилган.
Мавзуга доир:
- Жиззахда икки юк машинаси содир этган ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилардан бири шифохонага ётқизилди
- Жиззахда 2 та Howo ҳайдовчиси қарама-қарши йўналишда ўзаро ҳазиллашиши оқибатида машиналар бир-бири билан тўқнашди
- Жиззахда пиёдани уриб кетиб, воқеа жойидан қочган Isuzu ҳайдовчиси қўлга олинди. Жабрланувчи воқеа жойида вафот этган