Бухоро вилоятининг Пешку тумани ҳудудидаги чўлда яширин тарзда саксовул ўғирлаб, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг инспекторларидан соатига 100 км тезликда қочган юк автомобили ҳайдовчилари қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, бошқарма инспекторлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари томонидан Пешку туманида рейд тадбири ўтказилган. Рейдда тўртта Газ-53 юк автомашинасида саксовул ўғирлаб, чўл ҳудудини кесиб ўтувчи йўлда инспекторлардан қочишга уринган ҳайдовчилар аниқланган.
Юк автомашиналарига яқин борилганда учта юк автомобиль ҳайдовчиси машинасининг давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олгани маълум бўлган. Бошқарма ҳамда Миллий гвардия ходимлари саъй-ҳаракати билан улардан бири тўхтатилган. Яна бир юк автомобили эса саксовулни ағдариб қочган. Қолган иккитаси эса юк билан кўздан ғойиб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш) билан баённома расмийлаштирилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёрдамида ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ва қидирув ишлари олиб борилган. Натижада воқеа жойидан қочган ва шахси аниқланган фуқаролар М.Ш., Р.Ф. ҳамда Г.С.ларга нисбатан тегишли тартибда жарима санкциялари қўлланилган. Уларнинг ҳар биридан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима ундирилган.