Британияда хушбўй шамлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Flaming Crap компанияси «2020 йил ифори»га эга шамни яратди. Маълум бўлишича, ушбу ноодатий йил антисептик, «Йўлбарслар қироли»даги Жо Экзотик, ёғоч мушки ва бананли нон ҳидига эга, деб ёзади Ҳйпебеаст.

Фото: Instagram / Flaming Crap

Антисептик ҳид ҳақида тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ. Ишлаб чиқарувчи қолган ифорларнинг танланишига изоҳ берган.

Шам соқол олинганидан сўнг ишлатиладиган арзон лосьон ҳидига эга бўлиб, у Жо Экзотикни ёдга солади. Компаниянинг ҳисоблашича, машҳур йўлбарс ўргатувчи карантиндаги шоулари вақтида айнан ундан фойдаланмоқда.

Банан ва дарахт ҳиди эса коронавирус пандемияси сабаб уйларга ўтиришга мажбур одамлар ҳақида «сўзлайди». Чунки уйда ўтиришдан зериккан айрим инсонлар бананли нонлар ёпишни бошлаган бўлса, баъзилар ёғоч ҳунармандчилиги билан шуғулланишга ўтган.

Мазкур шамнинг нархи 15 фунт стерлинг бўлиб, у 30 соатгача ёнади.

Аввалроқ олимлар минглаб Apple Watch ёрдамида карантин «овози»ни ўлчагани тўғрисида хабар берилганди.