Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби ҳимоячиси Ким Нам Чун 30 октябрь, жума куни вафот этди.
Жанубий Корея матбуотининг маҳаллий полицияга таяниб хабар қилишича, 31 ёшли футболчи Сеул жануби-шарқидаги автотураргоҳларнинг бирида ўз машинасида ўлик ҳолда топилган.
Кей-Лига вакилининг таъкидлашича, Ким ўз жонига қасд қилгани тахмин қилинмоқда. Полиция қотиллик ёки бошқа бирорта қонунбузарлик ҳолатини пайқамаган.
Клуб ҳам ўйинчининг ўлимини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, «Сеул» жамоасида ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Икром Алибоев ҳаракат қилади. Икром Instagram саҳифаси орқали жамоадоши билан видолашган.
«Биз эртага нима бўлишини билмаймиз. Шу сабаб ҳар куни, ҳар дақиқа, ҳар сонияда бир-бирингизни севинг, қадрланг. Акс ҳолда кейин кеч бўлиши мумкин. Алвидо», — дея ёзади Алибоев.
Ким Нам Чун «Сеул»нинг асосий ўйинчиларидан ҳисобланиб, Кей-Лига 2020 йилги мавсумида 22 та учрашув ўтказганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)