«Дарё»да Қарши шаҳри етти кундан буён сувсиз қолаётгани, савдо дўконларидаги ичимлик сувининг нархи 1000 сўмга чиққани ҳақида хабар берилганди. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизматининг «Дарё»га маълумот беришича, мақоладан сўнг 28 октябрь куни кечки пайтдан бошлаб аҳолига ичимлик суви берила бошланган.

Фото: «Дарё»

«2020 йил 27 октябрь куни Қарши шаҳри аҳолисининг сув таъминоти қайта тикланди ва 28 октябрь куни кечки пайтдан бошлаб шаҳар аҳолисига тизимли равишда ичимлик суви етказиб берилмоқда», — дейилади масъуллар ахборотида.

Таъкидланишича,«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ томонидан марказий сув қувурлари ўчирилгач янги сув қувурига гидравлик босим остида синов ўтказилган. Синов даврида носозлик борлиги аниқланиб, аниқланган носозлик шу куннинг ўзида бартараф этилган ва янги марказий сув қувури фойдаланишга топширилган.

«Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизматининг ёзишича, Шаҳрисабз—Қарши бош сув қувурининг Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғи яқинидан ўтган 95 метр яроқсиз қисми таъмирланиши муносабати билан 2020 йилнинг 21 октябрь куни соат 17:00 дан бошлаб 23 октябрь куни соат 09:00 гача Қарши шаҳрига сув етказиб берилиши тўлиқ тўхтатилиши маълум қилинган. Бироқ синов давридаги носозлик сабаб айтилган муддат чўзилган.

«Қарши шаҳрига сув етказиб бераётган марказий сув қувурларидан узоқ йиллардан буён фойдаланилиб келинаётганлиги сабабли сув қувурларида тез-тез носозликлар рўй берган. Шу ҳолат инобатга олиниб, Қарши шаҳридаги марказий сув қувурлари босқичма-босқич янгиланиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги фармонига асосан Қарши шаҳрининг Пахтазор ҳамда 4, 5, 6, 7-миттитуманлари ичимлик сув тармоғини реконструкция қилиш режалаштирилган. Шунга кўра, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси буюртмачилигида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасининг вилоят Кўз касалликлари шифохонасидан Насаф кўчаси кесишмасига қадар бўлган жойида пудратчи ‘1 сон комплекс лойиҳа қурилиш’ хусусий корхонаси томонидан диаметри 800 мм.ли ичимлик сув қувурини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган», — дейилади масъул ташкилот ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Қарши шаҳри аҳолисини 24 соат давомида ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 16,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, сув қувурларини янгилаш ишлари «1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж» хусусий корхонаси томонидан бажарилмоқда.