Хитой ва Жанубий Корея билан 2020 йилнинг 24 октябрь куни савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, уларни амалга ошириш таҳлил қилинди. Ҳозирги вақтда амалга ошириш жадвалидан ортда қолаётган бир қатор лойиҳалар батафсил кўриб чиқилди, муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда яқин идоралараро кооперацияни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат махсус ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида топшириқ берилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Мазкур ишчи гуруҳнинг вазифаси хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан лойиҳа ва ташаббусларни имплементация қилишни жадаллаштириш бўйича амалий ишларни олиб бориш бўлади.

Хитойдан олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 2025 йилга бориб 5 миллиард долларга, Жанубий Кореядан эса 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2025 йилга бориб Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 миллиард долларни, Жанубий Кореяга эса камида 800 миллион долларни ташкил этиши керак.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган «йўл хариталари»ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилди.