NASA парвоз қилувчи Sofia инфрақизил телескопи ёрдамида олиб борилган Ойни ўрганиш ишлари давомида унинг Ерга қараган томонида биринчи марта сув изларини аниқлади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Кашфиёт Boeing 747 самолёти бортига жойлаштирилган Германия—АҚШ телескопи Sofia’да олиб борилган тадқиқотлар доирасида аниқланган.

«Биз биринчи марта Sofia телескопидан олинган маълумотлар туфайли Ойнинг Қуёшга қараган томонида сув борлигини тасдиқлай олдик. Бу сувдан ресурс сифатида фойдалана оламизми ёки йўқлигини ҳозирча билмаймиз. Ой юзасида сув излаш бизнинг Артемис дастури доирасидаги тадқиқот режаларимиз доирасида жуда муҳим ҳисобланади», — дея маълум қилган NASA раҳбари Жим Брайденстайн.

Аввал сув Ойнинг Қуёш нури иситмайдиган орқа томонидаги кратерларида мавжуд, деб ҳисобланарди.

NASA’нинг Аrtemis дастури доирасида 2024 йилда америкалик астронавтларнинг Ой юзасига тушиши ва унинг муз шаклида сув захиралари мавжуд деб ҳисобланадиган Жанубий яримшарида тадқиқотлар олиб бориши режалаштирилмоқда.

NASA томонидан қайд этилишича, мазкур захиралар сув, ҳаво ва ёқилғи манбаи сифатида Ойдаги узоқ миссияларда ресурс бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, узоқ космос тадқиқотларини таъминлаши мумкин.

1970 йилларда Совет Иттифоқига тегишли зонд биринчи марта Ойнинг юзасида сув изларини аниқлаган. 1990 йилларда эса NASA’нинг Clementine зонди Ойнинг яримшарлари яқинида яшаш учун мўлжалланган станцияни сув ва космик миссияларни ёқилғи билан таъминлаши мумкин бўлган музни аниқлаган. 2018 йилда NASA Ойда шубҳасиз сув борлигини маълум қилган, бироқ унинг захираларининг ўлчамлари ҳалигача ўрганилмаган.