Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида ҳаракат қилувчи футболчининг ёши кичрайтирилганлиги аниқланди. Бу ҳақида Профессионал футбол лигаси расмий сайтида хабар берилди.

Фото: ПФЛ

Таъкидланишича, ташкилот Ўзбекистон номидан ҳали йирик халқаро мусобақаларда иштирок этиб улгурмаган, асосан, 2000 йилдан кейин туғилган футболчиларнинг ёши билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганишни бошлаган. Ўрганишгалар учун эса футболда ёшни кичрайтиришга қарши курашиш асосий сабаб сифатида кўрсатилган.

Қайд этилишича, Суперлига клубида тўп тепувчи футболчининг ёши 2 йилга кичрайтирилган.

«Суперлига клубларининг бирида тўп сурувчи футболчининг туғилганлик ҳақидаги далолатномаси ва бошқа ҳужжатлари ўртасида туғилган йили бўйича тафовут борлиги аниқланди. Яъни Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотномага мувофиқ, унинг туғилганлик ҳақидаги далолатномасида туғилган йили 2002 йил этиб кўрсатилган, фуқаролик паспортида эса 2004 йил этиб қайд қилинган», — дейилади ПФЛ хабарида.
ПФЛ бу борада футбол клубига ўйинчисининг ҳужжатларида чалкашлик борлиги аниқлангани, шундан келиб чиқиб топширилган ҳужжатларни қайта ўрганиб чиқишни сўраб икки марта расмий хат юборган. Бироқ футбол клуби томонидан мазкур ҳолат бартараф этилмаган.

Ташкилот ҳолатга аниқлик киритилиши ва қонунбузилиш ҳолатига ваколати доирасида ҳуқуқий баҳо беришини сўраб вилоят прокуратурасига мурожаат қилган. Маълумотга асосан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган ҳамда футболчинининг ёшини кичрайтириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштирган шахслар аниқланган.

Кейинроқ туман прокуратурасининг талаби билан туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан футболчи номига ёши кичрайтирилган ҳолда расмийлаштирилган фуқаролик паспорти ва хорижга чиқиш биометрик паспорти амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниб, унинг номига ҳақиқий туғилган йили бўйича фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилган.

ПФЛ 26 октябрь, душанба куни футболчи тўп сурадиган клубга бу борада маълумот тақдим этган ҳамда футболчининг ҳужжатларини асл туғилган йили билан қайта расмийлаштириш талабини қўйган.

«Биз футболчининг карьерасига салбий таъсир кўрсатиш фикридан йироқмиз. Аммо унинг фаолиятини ёлғонлардан бошлашга уриниш принципига қарши курашамиз. Барча масала қонун доирасида тўғри ҳал этилса, кейинчалик бундан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам манфаат кўради, шунингдек, мана шундай ҳолатлар касрига қолиб кетаётган бошқа ёш футболчиларда футболга нисбатан қайта умид уйғонади», — дейилади ПФЛ хабарида.
ПФЛ ўз баёнотида ёши кичрайтирилгани исботланган футболчининг исм-шарифи ва у қайси футбол клубида тўп суришини очиқламаган. Айни вақтда, Суперлига клубларининг 2020 йилги мавсум учун тақдим этган ўйинчилар рўйхатида фақат бир футболчининг 2004 йилда туғилганлиги кўрсатилган — бу «Насаф» футболчиси Мурод Хўжамбердиевдир.

Мурод Хўжамбердиев 6-рақамда

Мурод Хўжамбердиев 6-рақамда
Фото: «Насаф» Telegram канали

Мурод Хўжамбердиев 2020 йил 15 июнь куни Ўзбекистон Суперлигасида дебют қилган энг ёш (16 ёш) футболчи сифатида эътироф этилган (у 14 июнь куни Суперлига 4-тури доирасида «Насаф» таркибида «Навбаҳор»га қарши майдонга тушган, ўйин томонларнинг 2:2 ҳисобидаги дуранг натижаси билан тугаган), бироқ орадан бир кун ўтиб ОАВда «Суперлигада дебют қилган энг ёш футболчининг ёши кичрайтирилган бўлиши мумкин»лиги ҳақида хабарлар тарқалган.

ПФЛ баёнотида ўрганиш ва текширув ишлари айнан қачон олиб борилгани, ёши кичрайтирилгани айтилаётган футболчи қачон янги ҳужжатларни олгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Қайд этиш жоиз, Мурод Хўжамбердиевнинг ёши кичрайтирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар июнь ойида тарқалганига қарамай, у июнь ойида битта, июль ойида битта, август ойида иккита, сентябрь ойида  битта ва октябрь ойида учта ўйинда «Насаф» таркибида майдонга тушган. Шунингдек, у Темур Кападзе бошчилигидаги U-19 Ўзбекистон ёшлар термасига ҳам жалб қилиб келинади.

Мурод Хўжамбердиев 6-рақамда, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Тожикистон термасига қарши ўйинда

Мурод Хўжамбердиев 6-рақамда, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Тожикистон термасига қарши ўйинда
Фото: Тожикистон футбол федерацияси

Маълумот учун, ўзбек футболида ёшни кичрайтириш ҳолати тез-тез учраб туради. Жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси ва «Ювентус», «Режина», «Верона», «Пескара», «Торино» клубларидаги фаолияти билан кўпчиликка таниш Илёс Зейтуллаев интервьюларидан бирида ўзининг ёши 2 йилга кичрайтирилганини тан олган.

Шунингдек, Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозир ЎФА) 2018 йил январида юқори дивизион клубларида ҳаракат қилувчи 5 нафар футболчи — Абдумутал Абдуллаев (асл исми Нодир Тешабоев, 3 ёшга кичрайтирилган), Муҳаммаджон Абдуллаев (асл исм-шарифи Расулжон Абдуллаев, 3 ёшга кичрайтирилган), Улуғбек Давлатов (асл исм-шарифи Нуриддин Ҳасанов, 2 ёшга кичрайтирилган), Зокир Аҳмадалиев (асл исм-шарифи Дилшод Аҳмадалиев, 2 ёшга кичрайтирилган), Бурхон Ҳасановларни (2 ёшга кичрайтирилган) ёши кичрайтирилгани сабаб умрбод футболдан четлатганди. Аммо орадан 5 ой ўтиб, 2018 йил 13 июнида ЎФА ушбу футболчиларни «ўз айбини тушиниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида» кечиргани эълон қилинган.

«Ташкилот клубга футболчини асл ҳужжатлари билан қайтадан рўйхатдан ўтказиш талабини қўяди. Унинг ваколатлари шу билан чекланади. Мазкур ишдан бош ташкилот — ЎФА албатта хабардор қилинади. ЎФА лозим топса, ишни тегишли қўмитага ошириши, шунингдек, клубнинг бу ишга алоқадор ёки йўқлигини текшириши мумкин. Жазо тайинлаш масаласи ҳам шундан келиб чиқади.

Фикримча, бу ерда ёш футболчига жиддий жазо бериш унчалик ҳам тўғри эмас. Боиси бизнинг мақсадимиз футболда соғлом рақобатни вужудга келтиришга ҳисса қўшиш ҳамда малакали футболчилар сонини кўпайтириш (уларни «чопиш» эмас). Катта эҳтимол билан футболчининг ёши ўзгартирилган вақтда унинг ўзи бунинг нима экани ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган, унга ота-онаси жавобгар бўлган.

Шундан келиб чиқиб, футболчининг ота-онасини (аралашган ёки йўқлигига қараб мураббийини ёки клубини), шунингдек, ҳужжатни ўзгартиришда иштирок этган бошқа шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрироқ бўлади. Ўз навбатида бу қолган мана шундай кишилар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин», — дея ушбу ҳолатга изоҳ беради ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги 13 ёшли абитуриентнинг ёшини кичрайтирганликда гумон қилингани ҳамда унинг футбол билан шуғулланиши хабар қилинганди. ПФЛ эса ушбу ҳолат бўйича футболчи ташкилот рўйхатидан ўтмаганини, бироқ ҳақиқатан футбол билан шуғулланишини ва ўз туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида рўйхатида туришини билдирганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Маслаҳатлар
Қишда касал бўлмасликнинг синалган 5 та усули
Маҳаллий
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси ва яна 3 масъулга ҳайфсан берилди
Дунё
«Россия баҳорда янги ҳужум бошлаш учун Украинадаги урушни музлатмоқчи» — Столтенберг